ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Марказий Осиё давлатларининг III парламентлараро форумида иштирок этиш учун Бишкек шаҳрига етиб келди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Форум мавзуси: “Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари: минтақани ҳар томонлама ривожлантириш бўйича самарали ечимлар”.
Форумнинг мақсади Марказий Осиё мамлакатларининг барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, миграция жараёнларини тартибга солиш ва рақамли муҳитни ривожлантириш борасида парламентлараро ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан иборат.
III парламентлараро форум давомида:
“Миграция ва меҳнат оқимлари: фуқаролар ҳуқуқларини қонуний таъминлаш ва иқтисодиёт барқарорлиги”;
“Марказий Осиё мамлакатларида инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётнинг шаффофлигини ошириш бўйича қонунчилик чоралари”;
“Парламентлар ва рақамли суверенитет: киберхавфсизлик, рақамли муҳитни ҳуқуқий тартибга солиш” каби мавзулар муҳокама қилиниши назарда тутилган.
Форум доирасида Танзила Нарбаеванинг парламентлар вакиллари билан минтақавий ҳамкорлик, парламент дипломатияси ва қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун қатор икки томонлама учрашувлари ўтказилиши ҳам режалаштирилган.