ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Молдова МДҲ ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан алоқаларни эътиборсиз қолдиргани натижасида 4 миллион долларлик иқтисодий зарар кўрди. Бу ҳақда собиқ президент Игорь Додон РИА Новости нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Додоннинг таъкидлашича, президент Майя Санду бошчилигидаги ҳозирги ҳукумат тўрт йил давомида халқаро иқтисодий алоқаларда бетарафликни сақлаш ўрнига бир томонлама сиёсат юритиб, мамлакат экспорт салоҳиятини пасайтирган ва бу энергия ресурслари учун ортиқча харжлар қилишга сабаб бўлган.
“Мамлакатимиз иқтисодчилари сўнгги тўрт йилдаги йўқотишларни ҳисоблаб чиқди. Биргина экспорт ҳажмини тўлиқ бажармаганимиз ва энергия ресурслари учун ортиқча тўловлар қилганимиз туфайли биз қарийб 4 миллион доллар йўқотдик. Бу бевосита Майя Сандунинг сиёсати оқибатидир”, — деди Додон.
Унинг сўзларига кўра, бу йўқотишлар оддий фуқароларга ҳам бевосита таъсир кўрсатган. Хусусан, экспортдаги чекловлар, энергия тарифларининг ошиши ва иқтисодий алоқаларнинг узилиши аҳолининг турмуш даражасига салбий таъсир қилган.
“Бошқача йўл тутилиши мумкин эди — нейтраллик сақлаб қолиниб, нафақат ҳарбий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам мувозанат сақланиши керак эди. Грузия бунга мисол бўла олади: у Россия билан мураккаб муносабатларига қарамай, ҳар икки томон учун фойдали иқтисодий ҳамкорликни сақлаб қолган. Молдова ҳам шундай йўл тутганида ютган бўларди”, — дея таъкидлади сиёсатчи.
Маълумот учун, Молдова 2022 йилдан буён МДҲ ва ЕОИИ йиғилишларида иштирок этмаяпти. Расмий Кишинёв экспорт бозорини Ғарб давлатларига йўналтириш сиёсатини очиқ эълон қилган.
Мамлакат ҳукумати ҳозиргача МДҲ доирасида тузилган 282 та битимдан 66 тасини денонсация қилган, яна 50 та ҳужжатни бекор қилиш жараёни турли босқичларда давом этмоқда. Молдова расмийлари ушбу битимларнинг ўрнини икки томонлама шартномалар билан тўлдириш ниятида.