Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕОИИда меҳнат мигрантлари учун ижтимоий шароитлар яратилмоқда

Уларнинг тиббий суғурталарга эга бўлиши ҳамда ишлаётган давлатларидаги меҳнат даврлари учун нафақа олишлари мумкин бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 сен – Sputnik. Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатлари меҳнат мигрантлари учун ижтимоий кафолатларни кучайтиришга қаратилган янги чораларни тасдиқлади. Бу ҳақда Евросиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) матбуот хизмати хабар берди.
Чора-тадбирлар ЕОИИ мамлакатларининг ишчи кучини ижтимоий таъминлаш, пенсия ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ва касбий фаолият масалалари бўйича Маслаҳат қўмитасининг VIII йиғилишида муҳокамадан ўтказилгани айтилмоқда.

Таъкидланишича, иттифоқ доирасида фуқароларнинг меҳнат бозорига эркин кириш ҳуқуқи, диплом ва малакаларнинг ўзаро тан олиниши кафолатланмоқда. Меҳнат мигрантлари учун тиббий суғурта, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғруқ давридаги нафақалар, шунингдек, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларига қарши суғурта тизимлари жорий этилади.

Маълум бўлишича, айни пайтда ЕОИИ ҳудудида 100 миллиондан ортиқ ишчи фаолият юритмоқда. Эндиликда уларнинг барчаси мезбон давлат фуқаролари билан тенг ҳуқуқда тиббий суғуртадан фойдаланиш имкониятига эга.

“Шунингдек, 2021 йилда имзоланган пенсия таъминоти бўйича келишув асосида меҳнат мигрантлари ишлаган давлатларида тўланган нафақа бадаллари ҳисобга олинади. Шу тариқа улар қайси мамлакатда истиқомат қилишидан қатъи назар, тўлиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади”, – дейилади хабарда.

Йиғилиш натижалари иштирокчи мамлакатларнинг ЕОИИ доирасида ижтимоий соҳада янада интеграциялашув ва меҳнат сафарбарлиги учун қулай шароитлар яратишга умумий тайёрлигини кўрсатмоқда.
Россияда меҳнат мигрантлари учун патент тизими бекор қилиниши мумкин