ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлиги рейтингини баҳолаш регламенти тасдиқланди. Бу ҳақда Ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Унга кўра, регламент ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини рейтинг асосида баҳолаш тартибини белгилайди. Рейтинг икки йўналишда амалга оширилиши белгиланган:
Инвестиция салоҳияти — статистик кўрсаткичлар ва субкўрсаткичлардан иборат устувор омиллар ҳамда уларнинг вазнлари асосида ҳудудларнинг имкониятлари баҳоланади.
Бошқарув самарадорлиги — ҳудудларда тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлар натижаларига таянган ҳолда кўрсаткич ва субкўрсаткичлар орқали аниқланади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги рейтингни баҳолаш оператори этиб белгиланган. Вазирлик баҳолаш жараёнини умумий мувофиқлаштириш, электрон платформани бошқариш ва натижаларни тақдим этиш вазифаларини бажаради.
Таъкидланишича, рейтинг баллари тўрт босқичда электрон платформа орқали ҳисобланади. Баҳолаш якунлари бўйича оператор таҳлилий маълумотнома тайёрлайди.