Ўзбекистон Глобал инновациялар индексида 79-ўринни эгаллади

Ҳисоботга кўра, Республика кўрсатгичлари инсон капитали, инфратузилма, бозор ривожланиши, билим ва технология маҳсулотлари соҳаларида яхшиланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ 18 сен – Sputnik. Ўзбекистон 2025 йилги Глобал инновациялар индексининг натижаларига кўра 139 мамлакат орасида 79-ўринни эгаллади. Бунга оид халқаро ташкилот ҳисоботи эълон қилинди.
Маълум бўлишича, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан тўрт поғона юқори бўлиб, мамлакатнинг инновацион ривожланиш соҳасидаги барқарор ўсишини намоён этди. Ўзбекистон шу тариқа Марказий Осиёда инновацион тараққиёт бўйича етакчи сифатида ўз мавқеини янада мустаҳкамлаган.
Рейтинг таҳлилига кўра, қўшни инноватор давлатлар қаторида Қозоғистон 81-ўрин, Қирғизистон 96-ўрин, Тожикистон эса 108-ўринни эгаллаган. Марказий ва Жанубий Осиё миқёсида Ўзбекистон Ҳиндистон ва Эрондан сўнг учинчи ўриндан жой олган.
Ҳисоботда Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари бир қатор йўналишларда яхшиланди ва уларда ижобий динамика кузатилди:
инсон капитали ва тадқиқотлар;
инфратузилма;
бозор ривожланиши;
билим ва технология маҳсулотлари.
Экспортбоп юқори технологияли маҳсулотлар, стартапларни молиялаштириш ва олий таълим муассасаларига қабул сонининг ўсиши энг муҳим омиллар сифатида қайд этилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш мумкинки, давлат стратегиясида белгиланган “Ўзбекистон – 2030” мақсадларига кўра, мамлакат келгусида дунёдаги энг инновацион 50 давлат қаторига киришни мақсад қилган. Жорий йилда қайд этилган натижалар эса ушбу йўналишдаги ҳаракатларнинг изчиллиги ва самарадорлигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида инновацион клиникалар очилади