ТОШКЕНТ, 18 сен – Sputnik. Тошкентда ХХ Халқаро исломий молия олимлари форуми (IISF 2025) бошланди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Бу йилги анжуман “Исломий банк тизимини жорий этиш: Барқарор молиявий тизим сари юксалиш” мавзусида ўтмоқда. Форумда Ўзбекистон ва хориждан етакчи тижорат банклари, халқаро молия ташкилотлари, ислом иқтисоди ва молияси соҳасидаги нуфузли олимлар, экспертлар ва регуляторлар иштирок этмоқда.
Анжуманнинг биринчи иш кунида шартномалар таснифи, уларнинг замонавий амалиётда қўлланилиши ҳамда шаффоф ва ягона мезонлар асосида тузилишига алоҳида эътибор қаратиш борасида муҳокамалар олиб борилди.
Халқаро экспертлар ушбу жараёнлар мижозлар ишончи ва ислом молияси тараққиёти учун муҳим омил эканини таъкидладилар.
Алоҳида қайд этиш керакки, форум доирасида Марказий банкда INCEIF билан биргаликда ўқув дастурлари, тренинг ва семинарлар ташкил қилиш, исломий молия соҳасида қўшма тадқиқотлар олиб бориш йўналишларида ўзаро ҳамкорлик қилишга қаратилган англашув меморандуми ҳам имзоланди. Ушбу меморандумга асосан INCEIF билан ислом молияси соҳасидаги 4 та китобни ўзбек тилига таржима қилиб, фойдаланувчиларга тақдим қилишга келишиб олинди.
Форумда ислом молияси бўйича янги йўналишлар ва долзарб мавзулардаги муҳокамалар ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, NCEIF - Малайзиядаги ислом молияси таълими ва тадқиқотларига ихтисослашган университетнинг қисқартмаси. Ислом молияси бўйича халқаро таълим маркази.