ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамкорлигида Куала-Лумпур шаҳрида “Ўзбекистоннинг янги ва қуритилган мевалари, қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ичимликлар кўргазмаси” ташкил этилди. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур тадбирда Малайзиянинг йирик чакана ва улгуржи савдо тармоқлари, дистрибьютор компаниялари вакиллари ҳамда Ўзбекистондан ташриф буюрган тадбиркорлар иштирок этди.
Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар томонидан мевалар, қуритилган мевалар, консервалар, қандолат маҳсулотлари ва бошқа қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш қилинди.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев ҳамда Ўсимликлар карантини агентлиги Марказий экспорт штаби раҳбари ўринбосари Ш.Турғунбоев нутқ сўзлашди.
Улар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти соҳасидаги кенг имкониятлар, маҳсулотларнинг табиийлиги ҳамда халқаро бозорлардаги рақобатбардошлиги ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Ушбу тадбир Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Малайзия бозорига олиб кириш, маҳаллий дистрибьюторлар билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.