ТОШКЕНТ, 17 сен – Sputnik. Ўзбекистонда жамият ва иқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга тадбиркорларга ҳуқуқий мақом берилади. Бунга оид Ҳукуматнинг тегишли қарори эълон қилинди.
Мазкур ҳужжатга кўра, “Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар” ҳуқуқий мақоми жорий этилади. Бу тоифага ўз фаолияти тури ва активлари ҳажми туфайли юқори ижтимоий ва иқтисодий таъсир кучига эга, шунингдек, манфаатдор томонлар доираси кенг корхоналар киритилиши айтилмоқда.
Қарорда, Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш мақсадида Республика комиссияси ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган. Белгиланган мезонларга жавоб берувчи компаниялар ҳар йили 1 июлгача “Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар” махсус реестрига киритилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб ушбу реестр Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан электрон шаклда юритилади ҳамда ҳукуматнинг расмий портали ва очиқ маълумотлар порталида эълон қилинади.