ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Наманган шаҳрида ўтаётган "Камбағалликдан фаровонлик сари" халқаро форуми доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда ИТБ раҳбари банк Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш борасидаги вазифаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.
Шунингдек, банк гуруҳи билан кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва ИТБ ўртасидаги шериклик жадал ривожланаётгани қайд этилди. Қўшма лойиҳалар портфели 5 миллиард доллардан ошиб, ҳозирги кунда транспорт, инфратузилма, уй-жой қурилиши, энергетика, соғлиқни сақлаш ва таълим каби устувор соҳаларни қамраб олмоқда.
Давлат раҳбари ИТБ билан лойиҳалар портфелини икки баробар кўпайтириш, инфратузилма, ижтимоий соҳа ва хусусий сектор лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини оширишни назарда тутадиган узоқ муддатли Стратегик шериклик дастурини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Хусусий бизнес салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳудудларда замонавий тиббиёт марказларини барпо этиш, автомобиль йўлларини модернизация қилиш, ирригация каналларини тиклаш ва бетонлаш ҳамда бошқа йўналишларда аниқ лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.