ТОШКЕНТ, 17 сен – Sputnik. Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкига (ОИТБ) аъзо бўлди. 16 сентябрь куни президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат 2006 йил 12 январда Остона шаҳрида имзоланган ЕОТБни ташкил этиш тўғрисидаги битимга қўшилиш ҳақидаги қонунни амалга ошириш доирасида қабул қилинган.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистонга банкнинг устав капиталидан ҳар бири 1000 доллардан бўлган 777 777 дона акция тақсимланди. Улардан 168 411 таси (21,7 фоиз) тўланган, 609 366 таси (78,3 фоиз) эса талаб қилинганда тўланадиган акциялар ҳисобланади.
Акцияларни сотиб олиш бўйича тўлов жадвали тасдиқланган. 2025 йилда зарур маблағлар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан давлат бюджети ҳисобидан ажратилади. 2026 йилдан бошлаб эса бу харажатлар давлат бюджети параметрларига доимий равишда киритилади.
ЕОТБ Евроосиё маконида инвестиция фаолиятини амалга оширувчи халқаро молиявий ташкилотдир. 17 йилдан ортиқ вақт мобайнида ЕОТБ ўз аъзолари бўлган мамлакатларнинг иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга, ҳар томонлама ривожланишига кўмаклашиб келмоқда.
ЕОТБнинг устав капитали — 7 млрд доллар. Банк портфелидаги асосий улушни транспорт инфратузилмаси, рақамли тизимлар, яшил энергия, қишлоқ хўжалиги, саноат ва машинасозлик соҳаларида интеграция эффектига эга бўлган лойиҳалар эгаллайди.