Ўзбекистон ЕОТБга аъзо бўлмоқда — мамлакатнинг дастлабки босқичдаги улуши қанча?

© Foto : Facebook / ЕАБРЗдание ЕАБР
Здание ЕАБР - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.03.2025
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги битимга қўшилмоқда.
ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги битимга (Остона, 2006 йил 12 январь) қўшилиши тўғрисида”ги қонун маъқулланди, дея хабар берди юқори палата матбуот хизмати.
Битимнинг асосий мақсади – инвестиция фаолияти орқали унга қўшилган иштирокчи давлатларнинг иқтисодий ўсишига ва улар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашиш.
Сенатор Одилжон Маматкаримовнинг қайд этишича, Евроосиё тараққиёт банкига (ЕОТБ) аъзо мамлакатлар ўртасида транспорт логистикаси бўйича янги йўналишларни йўлга қўйиш ва савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, банк иштирокида яшил иқтисодиёт ва яшил саноатни қўллаб-қувватлаш ҳамда гидроэнергетика, инфротузилмавий қурилиш ва транспорт соҳаларида минтақавий аҳамиятга молик йирик алоқаларни амалга ошириш истиқболлари ўрганилди.
“Ушбу жараёнларда халқаро молия институтлари кўмагида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг сони ҳам, кўлами ҳам кенгайди. Хусусан, 2017 йилдан буён шундай институтлар маблағлари ҳисобидан 16 млрд доллар ўзлаштирилди ва 103 та лойиҳа ишга туширилди. Буларнинг натижасида 5 миллионга яқин аҳолининг кундалик хаётини яхшилашга хизмат қилган 9 мингта ишжимоий ва инфротузилма иншооатлари қурилди ва таъмирланди”, — деди сенатор Одилжон Маматкаримов.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда ЕОТБнинг инвестиция портфели ҳажми 15,4 млрд долларни ташкил этади. 2026 йилга қадар инвестициялар ҳажмини 22 млрд доллардан ошириш режа қилинган. Банкнинг устав капитали 7 млрд доллар, шундан тўланадиган капитал 1,5 млрд долларга тенг.

“Евроосиё тарақкиёт банки Кенгашининг 2024 йилги тегишли баёнида банк устав капиталини қўшимча 925 млн доллари янги аъзо давлатлар учун 20 млн доллар, шу жумладан, Ўзбекистонга 168,4 млн доллар миқдорида тўланилган акцияларни тақсимот қилиб белгиланган. Ўзбекистон Евроосиё тарақкиёт банкига аъзо бўлиб, кириш жараёнида жами 777,8 млн доллар, шундан 168,4 млн доллар тўланадиган ва 609, 4 млн доллар талаб қилиб олишга қадар бўлган акцияларни сотиб олиш кўзда тутилган бўлиб, ушбу акцияларга обуна бўлиш натижасида Ўзбекистоннинг банкдаги улуши дастлабки босқичда 10 фоизни ташкил этади”, — деди сенатор.

Қайд этилишича, қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлиши учун ҳуқуқий асос яратишга, унинг фаолияти доирасида тўлиқ ва самарали иштирок этиш ҳуқуқини таъминлашга, шунингдек, банкга аъзо давлатларнинг иқтисодий ўсишига кўмаклашишга, савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ва инвестиция фаолияти орқали Евроосиё ҳудудида интеграция жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ҳужжатга кўра, ушбу банк ўз фаолиятини халқаро шартномалар, халқаро ҳуқуқ, умумэътироф этилган банк фаолияти тамойиллари ва меъёрларига мувофиқ амалга ошириши, шунингдек, банк низоми ушбу битимга илова қилинган ҳолда тасдиқланиши назарда тутилган.
Шунингдек, банк низомида Евроосиё тараққиёт банки фаолияти, мақсад ва вазифалари, функциялари, имтиёзлари, устав капитали ва унга обуна бўлиш шартлари ҳамда Банк бошқарувига оид тартиб-қоидалар белгиланган.
Бундан ташқари, ЕОТБ иштирокчи давлатларнинг иқтисодиёти ва молиявий бозорлари ҳолати, уларнинг инвестиция имкониятлари, пул-кредит ва валюта муносабатлари, банк ва валютани тартибга солиш соҳасидаги қонунчилик нормалари тўғрисидаги маълумотларни тўплаши, тизимлаштириши ва таҳлил қилиши белгиланмоқда.
Депутатлар Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилишди
Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ)

Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) Евроосиё маконида инвестиция фаолиятини амалга оширувчи халқаро молиявий ташкилотдир. 17 йилдан ортиқ вақт мобайнида ЕОТБ ўз аъзолари бўлган мамлакатларнинг иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга, ҳар томонлама ривожланишига кўмаклашиб келмоқда. ЕОТБнинг устав капитали — 7 млрд. Банк портфелидаги асосий улушни транспорт инфратузилмаси, рақамли тизимлар, яшил энергия, қишлоқ хўжалиги, саноат ва машинасозлик соҳаларида интеграция эффектига эга бўлган лойиҳалар эгаллайди.

КенгайтиришЙиғиштириш
Янгиликлар лентаси
0