ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) узоқ муддатли илмий-техник ривожланиш дастури тасдиқланди. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) матбуот хизмати хабар бермоқда.
"Евросиё иқтисодий комиссияси кенгаши Евросиё иқтисодий иттифоқининг илмий-техник ривожланишига оид узоқ муддатли стратегик дастури тўғрисидаги фармойишни қабул қилди”, – дейилади хабарда.
Мазкур ҳужжат Евросиё иқтисодий интеграциясини 2025 йилгача ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилгани айтилмоқда.
У ЕОИИга аъзо давлатларнинг қўшма инновацион лойиҳаларни ривожлантириш бўйича кучларини бирлаштириш орқали рақобатбардош илмий-тадқиқот салоҳиятини шакллантириш, шунингдек, Иттифоқ мамлакатлари иқтисодиётларининг технологик даражасини оширишга қаратилган.
Дастурда қуйидагилар белгиланган:
ўзаро манфаатли соҳалар;
аъзо давлатларнинг илмий-техникавий ривожланиш соҳасида тажриба алмашиш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби;
қўшма тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни ташкил этиш мезонлари.
Шунингдек, унда аъзо давлатлар томонидан амалга оширилаётган ҳамкорликнинг йўналишлари ва устувор жиҳатлари ҳам ҳисобга олинган.