ТОШКЕНТ, 14 сен – Sputnik. Куз келиб, ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиб бормоқда. Бу фаслда кўпчилик, айниқса, болаларда иммунитет сустлашиб, шамоллаш ва мавсумий вирусли касалликларга чалиниш хавфи ортади. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) бундай вақтларда болалар соғлом бўлишини таъминлашда муҳим ҳисобланувчи 6 та тавсия билан ўртоқлашди.
Қўл гигиенаси
Болалар мактаб ва боғча ҳамда жамоат транспортида одамлар билан доимий алоқада бўлади. Бу эса вирусларнинг осон тарқалиши учун қулай шароит яратади. Шу сабабли:
қўлларни овқатдан олдин ва кейин ҳамда ҳожатхонадан чиққач, доимо совунлаб ювиш;
ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ)га чалинган беморлар билан яқин мулоқотни чеклаш лозим.
Шамоллаганда уйда қолиш
Кузда грипп ва ЎРВИ касалликлари ҳаво-томчи йўли орқали тез тарқалади. Шу боис болада шамоллаш белгилари кузатилса, уйда қолиши зарур. Чунки бундай ҳолатда мактабга бориш, касалликнинг бошқаларга ҳам юқишига сабаб бўлади.
Кийим-кечакнинг ҳавога мос бўлиши
Куз ҳавоси ўзгарувчан. Бир кун иссиқ, бир кун эса салқин бўлиши мумкин. Шунинг учун:
мавсумга мос, яъни жуда енгил ҳам, жуда қалин ҳам кийинмаслик;
нам уст-бошда юрмаслик ва уларни тезда алмаштириш лозим.
Тўғри овқатланиш ва кучли иммунитет
Ҳар бир бола мустаҳкам иммунитетга эга бўлиши учун унинг таомланишига алоҳида эътибор қаратиш керак. Жумладан:
рационда кўпроқ мевалар (олма, хурмо, анор), сабзавотлар (карам, лавлаги, брокколи, бақлажон, саримсоқпиёз), кўкатлар, сут ва балиқ маҳсулотлари, товуқ гўшти, тухум, ловия, нўхот каби егуликлар бўлиши;
совуққа қарши дамлама (занжабил, лимон, асал билан) ичиш;
турли ширинликлар, газли ва энергетик ичимликлар, чипс ҳамда "сухарик"ларни истеъмол қилмаслик зарур.
Уйқу ва дам олиш тартибига риоя қилиш
Мактаб ёшидаги болалар ҳар куни 8−10 соат тиниқиб ухлаши тавсия этилади. Чунки бундай ҳордиқ иммунитетни мустаҳкамлаб, ўқишда фаол бўлишга ёрдам беради. Шу боис:
болаларнинг эрта уйқуга ётиши ва ухлашдан аввал телефон ёки планшет ўйнамаслигини назорат қилиш;
уларни ҳар куни бир вақтда ухлаб, бир пайтда туришга одатлантириш лозим.
Шахсий гигиенага риоя қилиш
Болалар ҳар куни:
юз-қўлларини ювишга одатланиши;
тишларни кунда 2 маҳал (эрталаб ва кечқурун) тозалаши;
кийимларини тез-тез алмаштириши керак.
Таъкидланишича, агар болалар гигиена ва саломатлик қоидаларига қанчалик эрта одатланса, ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етади.