Оқ халатли сеҳргарлар: шифокорлар беморларга бахтли болаликни қандай қайтаришяпти

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
ЖССТ статистикасига кўра, дунёда ҳар йили 400 мингга яқин болалар ва ўсмирлар онкологик касалликларга чалинмоқда. Ўзбекистонда бу касалликка қарши қандай кураш олиб борилаётгани ҳақида мақоламизда ўқинг.
Болалар онкология, гематология ва иммунология маркази йўлакларида дори-дармон иси келиб, болалар кулгиси янграйди. Чунки бу ерда нафақат касалликни, балки қалбни ҳам даволашади. Биз ҳар хил болаларни учратамиз — баъзилари шўх ва шовқинли, бошқалари эса камтар ва уятчан. Улар мультфильм кўришади, ўйнайди, расм чизади, оналари билан суҳбатлашади... Фақат уларнинг барчаси турли инфекциялардан ҳимояланиш учун ниқобда, аксариятнинг томирларида эса катетерлар бор, болалар улар билан яшашга ўрганиб қолган. Кўзларидаги ифода эса ёшларига нисбатан анча жиддий.
Бу болалар орасида келажакка катта мақсад ва режалар қўйган, деярли вояга етган ўсмирлар ҳам, бу дунёда эндигина илк қадамларини қўяётганлар ҳам бор. Уларни бирлаштирувчи жиҳат шундаки, бола бўлишларига қарамай, улар оғриқнинг нималигини бошқалардан кўра чуқурроқ ҳис қилишади ва тушунишади.
Болаларнинг катта ҳаётдаги қадамлари ишончлироқ бўлиши ва кичик беморларнинг улкан орзулари амалга ошиши учун нафақат болалар, балки ота-оналар ҳам сеҳргарлар деб атайдиган, шифокорларнинг катта жамоаси тинмай ишлайди.
30 йиллик тажрибага эга шифокор-гематолог, тиббиёт фанлари номзоди Наргиза Бабаханованинг хотирасида мўъжиза деб атаса бўладиган ҳолатлар талайгина. Ҳатто ота-оналари ҳам соғайиб кетишига ишонмаган кичкинтой беморлар ҳақидаги таъсирли воқеаларни сўзлаб берганда, унинг ҳорғин ва меҳрибон кўзларида ёш пайдо бўлади. Мана бугун ҳам миннатдорчилик билдириш ва узр сўраш учун унинг олдига навбатдаги она келди... Қизининг яшашига ишонмагани, фақат марказ психологлари ёрдам бера олган кўз ёшлари ва жазавалари учун кечирим сўради. Ҳозир эса унинг фарзанди кимётерапия ва қўллаб-қувватловчи даволаш курсидан сўнг соғайиб кетди ва аллақачон биринчи синфни тугатди.
Наргиза Нусратуллаевна эътироф этади: онкология касаллигига чалинган беморлар ва уларнинг ота-оналари билан ишлаш ҳамма учун: шифокорлар учун ҳам, марказ ходимлари учун ҳам қийин. Ҳар бир боланинг вафоти бутун жамоа учун улкан фожиадир. Лекин, ҳар бир соғайиш ҳолати ҳам барча учун қувончлидир.
Гематология бўлимининг ўзига хос девори ҳам мавжуд, унда беморлар даволаниш бошланишида, ўртасида ва якунланишидаги суратлари жойлаштирилган. Наргиза Бабаханованинг сўзлашича, бошқаларнинг тажрибасини кўрсатувчи бундай терапия янги беморларга соғайиш йўлидаги мураккаб босқичларни енгиб ўтишда ёрдам беради.
Ҳозирда Болалар онкология, гематология ва иммунологияси маркази замонавий тиббиёт ва илмий-тадқиқот муассасаси бўлиб, барча қулайликлар билан жиҳозланган бир кишилик шинам хоналарга ва энг сўнгги авлод тиббий ускуналарга эга. Бу ерда беморлар доимо энг яқин инсонининг қўллаб-қувватлашини ҳис қилиши учун оналари билан бирга бўлади.
Марказда даволанаётган болаларнинг таълим олишига ҳам эътибор қаратилган. Бу ерда “Меҳрли мактаб” госпиталь мактаби ташкил этилиб, умумтаълим мактаби билан бирга мактабгача таълим дастури ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда йилига 1 000 нафаргача бола таълим олиши ва даволаниш жараёнида вақтини қизиқарли ўтказиши мумкин.
Аммо, бу доим шундай бўлмаган: шифокорлар 10 йил олдин палаталарда уч-тўрт бемор ётганини, санитария хоналари умумий бўлганини эслайдилар. Барча лаборатория таҳлиллари ўтказилмас эди. Дори-дармонлар билан таъминлаш етарли бўлмагани ва замонавий кимётерапия усуллари мавжуд бўлмагани сабабли, даволаш самарадорлиги 30% дан ошмаган.
Болалар онкология, гематология ва клиник иммунологияси соҳасини ислоҳ қилиш 2021 йилда бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев қарори асосида Республика болалар онкология, гематология ва иммунологияси илмий-амалий маркази ташкил этилди ҳамда аҳолига кўрсатиладиган тегишли хизматлар тизими бутунлай қайта кўриб чиқилди.
Янги бино қурилиши, замонавий ускуналар ва палаталар билан таъминланиши баробарида, давлат ҳисобидан дори воситалар таъминоти ҳам сезиларли даражада оширилди. Онкология маркази бош шифокорининг ўринбосари Шоҳрух Хўжаевнинг айтишича, бугунги кунда бу кўрсаткич 93-95% га етган.
“Марказимизда бутун мамлакатдан келган болаларга ташхис қўйиш ва даволаш ўтказилади, ордер билан мурожаат қилган беморлар учун эса бу мутлақо бепул”, - дейди у.
Ҳар ой марказда 120-150 та жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, болалар тўлақонли ҳаётга қайтарилмоқда. Буларнинг 30 га яқини юқори технологияли операциялардир. Бунга мисол қилиб, велосипеддан йиқилган 16 ёшли ўсмирнинг воқеасини келтириш мумкин. Кейинчалик маълум бўлишича, бу патологик синиш экан. МРТ, текширувлар ва биопсия ўтказилди. Натижалар суяк кистасини кўрсатди. Сон суягини репозиция қилиш ва биоштифт ўрнатиш операцияси ўсмирга яна ҳаракатланиш имкониятини берди.
Бу жуда мураккаб операция. Марказнинг директори, профессор Джамила Полатова бу каби кўплаб юқори технологияли операцияларга раҳбарлик қилганидек, бу операцияни ҳам бошқарди. Унинг раҳбарлигида юқори малакали жарроҳлар Александр Савкин ва Ойбек Абдусатторов ишлади. Тўрт қизғин соат - ва протез ўрнатилди. Эртага ўсмир юришни бошлайди, кейин эса футбол ҳам ўйнай олади. Аммо бу унинг ўз хоҳишига боғлиқ.
Болалар онкология, гематология ва иммунологияси марказида болалар ва ўсмирларга мураккаб операциялар мунтазам равишда ўтказилмоқда. Бу ерда Ўзбекистонда илк бор суяк онкологик касаллиги билан болаларга тизза бўғимининг ўсувчи ноинвазив эндопротезларини ўрнатиш бўйича ноёб амалиётлар бажарилди (ўсувчи ноинвазив эндопротез — бемор танаси билан бирга ўса оладиган, алмаштириш учун такрорий жарроҳлик аралашувларини талаб қилмайдиган тиббий қурилма — таҳр.). Шифокорлар, шунингдек, юмшоқ тўқима ҳосила тузилмаларини кесиб олиш (юмшоқ тўқималардаги хавфсиз ёки хавфли ўсмаларни олиб ташлаш — таҳр.), қон томирларини қайта тиклаш ва протезлаш амалиётларини ҳам ўтказмоқдалар.

“Биз қўл-оёқни сақлаб қолганимизда, нафақат жисмоний ҳаракатланиш имкониятини асраб қоламиз, балки болаларга орзуларини, умидини ва келажакка бўлган ишончини қайтарамиз”, — дейди профессор Джамила Полатова.

Марказда бундай орган сақловчи ва юқори технологияли амалиётларни ўтказиш давлат кўмаги ҳамда халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳамкасблар, жумладан Россиялик ҳамкорлар ёрдами туфайли амалга оширилди. Мисол учун, марказ Н. Н. Блохин номидаги Миллий тиббиёт илмий -онкология маркази, Дмитрий Рогачёв номидаги Болалар гематология, онкология ва иммунологияси миллий тиббий илмий-тадқиқот маркази, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Миллий тиббий радиология илмий-тадқиқот маркази билан яқин ҳамкорлик қилади. Жарроҳлик амалиётида Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Самара давлат тиббиёт университети (СамДТУ) томонидан ишлаб чиқилган инновацион ноинвазив эндопротезлар қўлланилмоқда (бундай эндопротез бола билан бирга "ўсади", чунки имплантда унинг узунлигини такрорий операциясиз ўзгартириш имконияти мавжуд — таҳр.). Жамила Шагайратовнанинг ўзи Россия Фанлар академиясининг хорижий аъзолари қаторида.
2025 йилда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2025-2030 йилларга мўлжалланган болалар саратонига қарши курашиш бўйича Миллий стратегияни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади. Мазкур стратегия онкологик ва онкогематологик касалликларга чалинган болаларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган. Стратегия касалликка қарши курашни бир оиланинг шахсий фожиасидан бутун мамлакатнинг миллий устувор йўналишига айлантиради.
Стратегиянинг асосий мақсадлари: болаларда саратон касаллигини эрта аниқлаш даражасини 65% гача кўтариш, онкологик ва онкогематологик касалликларга чалинган болаларнинг бир йиллик яшаб қолиш кўрсаткичини 34% дан 90 % гача, беш йиллик яшаб қолиш кўрсаткичини эса камида 60% гача ошириш, ҳамда саратон касаллигига чалинган барча болаларни ихтисослаштирилган тиббий ёрдам билан тўлиқ 100% қамраб олишни таъминлаш.
“Ўзбекистонда йилига ўртача 1000 га яқин онкологик касалликка чалинган янги болалар аниқланади, уларнинг қарийб 30% зи лейкозларга тўғри келади. Бироқ, ўз вақтида ташхис қўйилса, болалардаги онкологик касалликларни енгиш мумкин. Тўғри, ота-оналар учун буни қабул қилиш баъзан қийин бўлади, улар аксинча, ишонмасликка ҳаракат қилиб, вақтни йўқотадилар. Унутмаслик керакки, саратон ҳукм эмас. Ўз вақтида қўйилган ташхис ва даволаш соғайишнинг кафолатидир. Бундан ташқари, яқинларнинг қўллаб-қувватлаши ва парвариши ҳам муҳим. Ҳатто оғир касал болаларда ҳам яшаш имконияти бор ва бизнинг амалиётимиз буни исботламоқда” ,— дейди онколог ва кимётерапевт Камолиддин Нуриддинов.
Миллий стратегияга мувофиқ, болалардаги саратон хавфини аниқлашга сунъий интеллект ёрдам беради. Шунингдек, вилоятларда ҳам бу борадаги ишлар тегишли равишда ташкил этилади. Самарқанд Ўзбекистонда халқаро диагностика ва даволаш стандартларига мувофиқ бўлган замонавий онкогематология хизматини жорий этиш бўйича лойиҳа бошланган биринчи синов ҳудуди сифатида танланди.
Суяк илиги трансплантацияси хизматини ривожлантириш мақсадида Тошкентга Глеб Бронин таклиф этилди. У илгари Дмитрий Рогачёв номидаги Болалар гематология, онкология ва иммунологияси миллий тиббий тадқиқот марказида ишлаган, шунингдек, Москвадаги Морозов номли болалар шаҳар клиник шифохонасида суяк илиги ва қон ишлаб чиқарувчи ўзак ҳужайраларини трансплантацияси бўлимига раҳбарлик қилган. Ҳозирда у марказнинг гематология бўйича бош шифокор ўринбосари лавозимида ишламоқда. Жорий йилдан бошлаб мамлакат тарихида илк бор суяк илиги донорларининг миллий реестри дастури йўлга қўйилади. Айни пайтда бу борада тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистонда болалар онкологияси бўйича Халқаро академик хаб ташкил этилмоқда, у мутахассислар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, рақамли ечимлар ишлаб чиқиш ва трансчегаравий ҳамкорлик учун платформа вазифасини ўтайди.
“Яъни, бу ҳам таълим, ҳам илмий йўналишдаги йирик юқори технологияли хаб бўлиб, унинг фаолият соҳаларидан бири ҳужайра технологияларини ривожлантиришга қаратилади. Биз бу технологияларни ҳозирда уларга эга бўлмаган қўшни давлатлар учун қўллашимиз мумкин. Биз келажакни ўйлаймиз: мамлакат истиқболи, онкологик хизматни ривожлантириш — ҳам маҳаллий, ҳам қўшни минтақаларда”, — дея қўшимча қилди Глеб Бронин.
...Марказдан чиқаётганимизда, бир кекса аёлни учратиб қолдик. У тасвирга олиш ҳақида сўраб, ўз муаммосини сўзлаб берди: унинг тўрт ёшли набираси ўткир лейкозга чалинган. Атиги бир ҳафта олдин қизалоқ қувноқ ва фаол бўлган, энди эса реанимация бўлимида ётибди. Аммо бувиси умидини йўқотмаяпти, шифокорларга тўлиқ ишонади ва айнан шу ерда набирасига ёрдам беришларига ҳамда у яна бахтли болалигига қайтишига ишонади.
Болалар онкология, гематология ва иммунологияси маркази ҳақида батафсил Sputnik видеосида.
Янгиликлар лентаси
0