ТОШКЕНТ, 9 сен – Sputnik. Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Тошкентга келди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда меҳмонни пойтахт ҳокими Шавкат Умурзаков кутиб олди.
Делегациянинг ташрифи 8 сентябрдан 11 сентябргача давом этади ва учрашувларга бой дастур, тарихий ҳамда маданий объектларни зиёрат қилиш, шунингдек, Тошкент билан Санкт-Петербург ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган тадбирларни ўз ичига олади.
Таъкидлаш жоизки, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри билан ҳамкорлик кучайтирилмоқда. Май ойида Тошкент-Санкт-Петербург рейслари кўпайтирилди. Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Ўзбекистон билан бизнес мулоқот ўтказилди. Самарқандлик ветеринария талабаларининг Санкт-Петербургда амалиёт ўташига келишиб олинган.
Санкт-Петербургдаги Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари Тошкентда намойиш этилди.
Шаҳар билан миграция соҳасида ҳам ҳамкорлик қилинмоқда. Ўзбекистон томони Санкт-Петербургда меҳнат мигрантлари учун патент олиш бўйича айрим турдаги хизматларни мамлакатга ўтказишни таклиф этган.
Қайд этиш жоизки, Санкт-Петербург ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун энг оммавий йўналишлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги бош консули Абдураҳмон Маҳмудовнинг маълум қилишича, 2024 йил бошида ушбу шаҳарда 150 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар расмий меҳнат фаолияти билан шуғулланган.