ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik. Россия армиясининг “Шимол” қўшинлари гуруҳи артиллерия бўлинмалари махсус ҳарбий операция ҳудудида душман кучларини режали равишда йўқ қилишни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Бугун армия корпусининг “Град” ракета тизимлари экипажлари “Шимол” ҳужум гуруҳларини қўллаб-қувватлаб, Украина Қуролли кучлари бўлинмаларининг ўрмонзор ҳудудидаги ниқобланган позициялари ва тўпланган жонли кучларини нишонга олди.
“Разведка дронларининг махсус ҳарбий операция ҳудудида олиб борган кузатуви чоғида душман тўпланган жой аниқланди. Нишон координаталари зудлик билан артиллерия бўлинмаларига узатилди”, — дейилади вазирлик хабарида.
Ҳарбийларнинг маълум қилишича, жанговар топшириқни олгач, экипаж позицияга чиққан ва жанговар машина командири “Град” қўмондонлик пунктид координаталарни созлаган. Нишонларга аниқлик киритиш учувчисиз учиш аппаратлари билан ҳамкорликда амалга оширилган, дея қўшимча киритилади хабарда.
“Зарур тузатиш маълумотлари олиниши биланоқ, белгиланган квадрат бўйича ўқ узилди. Натижада УҚК таркибига жиддий зарар етказилди, бу эса душман бўлинмалари бошқарувининг издан чиқишига олиб келди”, — дея маълум қилди Россия мудофаа идораси.
Қайд этилишича, реал вақт режимида учувчисиз учиш аппаратлари орқали олиб борилган объектив назорат кадрларида барча аниқланган нишонларнинг йўқ қилинганига ишонч ҳосил қилинган.