ТОШКЕНТ, 8 сен – Sputnik. 2025 йилда Россияга энг кўп Ўзбекистон фуқаролари келган, деб хабар берди РИА Новости ахборот агентлиги.
Маълумотларга кўра, йил бошидан буён Россияга 1,8 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси кириб келган. Улардан қарийб 70 фоизи — 1,3 миллион киши иш юзасидан, 16 фоизга яқини — 291 минг киши шахсий ташриф билан, 1,5 фоизи эса ўқиш мақсадида келган.
Келганлар сони бўйича иккинчи ўринда Қозоғистон фуқаролари турибди. Жорий йил бошидан буён Россияга 1,5 миллионга яқин қозоғистонлик кириб келган. Улардан асосий қисми — 1 миллион киши шахсий ташриф билан, 7,9 фоизи иш юзасидан ва 3,2 фоизи ўқиш учун келган.
Биринчи учликни Тожикистон фуқаролари якунламоқда. Жорий йилда 800 мингдан ортиқ тожикистонлик Россияга келган ва шулардан 600 минг нафари ташриф мақсадини "иш" деб атаган, дейилади хабарда.
Аввалроқ РИА Новости берган хабарда, 2024 йилда Россияга 6 миллиондан ортиқ хорижлик келгани, уларнинг ярми ишга жойлашиш мақсадида бўлгани маълум қилинган эди. Чет элликларнинг 23,3 фоизи, яъни тахминан 1 миллион 400 минг нафари Ўзбекистондан, 16,7 фоизи Тожикистондан ва 10,4 фоизи Қирғизистондан келганлиги қайд этилган.