Арабистоннинг етакчи компаниялари билан янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишга келишилди

Алоҳида эътибор ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда инновацион ечимларни жорий этишга қаратилди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 сен – Sputnik. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари делегацияси билан учрашув ўтказди.
Делегацияга “Аcwа Power” компанияси бошқарув кенгаши раиси Муҳаммад Абунайян бошчилик қилди. Мулоқотда "InterHealth", "Vision Invest", "Miahona", "Riyadh Cables", "Saudi Tabreed", "Al Bawani", "Al Kathiri Holding", "Abunayyan Holding", "Kdot Partners" ва бошқа йирик корпорациялар раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Учрашувда фармацевтика, соғлиқни сақлаш, транспорт, энергетика, сув таъминоти, саноат кооперацияси ва рақамли иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликнинг стратегик аҳамиятини таъкидлади ва янги истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишиб олдилар.
Маълумот учун: "АCWА Power" Саудия Арабистонининг энг йирик энергетика компанияларидан бири бўлиб, қайта тикланадиган энергия, сув таъминоти ва электр энергиясини сақлаш соҳасидаги лойиҳаларга ихтисослашган. Ушбу компания Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги энг йирик хорижий инвесторлардан бири ҳисобланади.
Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари Сирдарёдаги техникумга сармоя киритди