Наманган шаҳри ҳокими 60 минг доллар пора олаётганда ушланди

ДХХ ҳодимлари Наманган шаҳар ҳокимини 60 минг доллар пора олаётганда қўлга олди. Тезкор тадбир давомида унинг ишончли ходими ва маҳаллий тадбиркор ҳам ушлангани хабар қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 сен – Sputnik. Наманган шаҳри ҳокими 60 минг доллар пора олаётганда қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, Наманган ҳокими ва пойабзал ишлаб чиқарувчи МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган, маънан эскирган турар-жой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг доллар талаб қилишади.

Ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб МЧЖ раҳбари ушбу сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, шаҳар ҳокими ўзининг яна бир ишончли одами бўлган – ҳокимликнинг девонхона мудири орқали МЧЖ раҳбаридан 60 минг долларни олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозир ҳоким депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Унга ва девонхона мудирига нисбатан ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми "а" банди (пора олиш) билан, МЧЖ раҳбарига нисбатан эса ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми "а" банди (фирибгарлик) ва 211-моддаси 3-қисми "а" банди (пора бериш) билан жиноий иш очилган.
Шаҳар ҳокимига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Эслатиб ўтамиз, Анвар Отахўжаев 2023 йилдан буён Наманган шаҳар ҳокими вазифасида ишлаб келаётган эди. Унгача, 2019–2023 йилларда Чортоқ тумани ҳокими лавозимида фаолият юритган.
Тошкентда 50 сотих ерни 4 млн долларга сотишга уринганлар ушланди