ТОШКЕНТ, 31 авг – Sputnik. Ўзбекистон ва Миср кимё саноатида янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўяди.
“Дунё” АА хабарига кўра, "Ўзкимёсаноатлойиҳа" АЖ мутахассислари икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма саноат лойиҳаларини ривожлантириш мақсадида Мисрда бўлишди.
Ўзбекистон вакиллари "Polyserve Group" раҳбарияти билан учрашди. Унда Мисрда аммофос ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилди.
"AbuZabaal Fertilizers & Chemicals Co." корхонаси билан танишув чоғида илғор технологиялар кўздан кечирилди. Миср томони Ўзбекистон тажрибасини ўз ишлаб чиқариш жараёнида қўллашни режалаштирганини билдирди.
Таъкидланишича, қўшма лойиҳа нафақат ўғит ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, балки минтақавий озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида барқарор ўсишни қўллаб-қувватлаш ва экологик жиҳатдан самарали технологияларни татбиқ этишга хизмат қилади.
Сафар якунлари бўйича лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичлари юзасидан мувофиқлаштириш ишларини давом эттиришга келишилди.