ТОШКЕНТ, 27 авг — Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) рақобатни бузиш ҳолатларини дастлабки босқичда ҳал этиш бўйича таҳлилий шарҳни кўриб чиқди. Бу ҳақда ЕИК матбуот хизмати хабар бердию
Таъкидланишича, ҳужжат ЕИКнинг ихтисослашган бўлими томонидан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) экспертлари ўтказган таҳлил натижалари асосида ишлаб чиқилган. Унда Евросиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) рақобат сиёсатини янада самарали тартибга солишга қаратилган тавсиялар акс этган.
Комиссиянинг рақобат ва монополияга қарши тартибга солиш бўлими дунёнинг турли ҳуқуқий тизимларида қўлланадиган амалиётни ҳам ўрганди. Жумладан, иккита восита — "мажбуриятларга асосланган қарор" (commitment) ва "келишув битими" (settlement) кўриб чиқилди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, ушбу механизмлар вақт ва ресурсларни тежаш имконини беради ҳамда рақобатга зид ҳаракатларнинг салбий оқибатларини тезроқ бартараф этишга ёрдам беради. Бу эса нафақат рақобат органлари, балки тадбиркорлик субъектлари учун ҳам фойдалидир.
"ЕИК ва ЕОИИ давлатлари шарҳда тилга олинган огоҳлантириш воситасини муваффақиятли қўлламоқда", — деди ЕИКнинг рақобат ва монополияга қарши тартибга солиш бўйича вазири Максим Ермолович.
Унинг сўзларига кўра, Комиссия ҳозиргача 26 та огоҳлантириш берган, уларнинг 85 фоизи бажарилган. Бу эса ЕОИИда рақобатни бузиш билан боғлиқ ишларни дастлабки босқичда ҳал қилиш самарадорлигини кўрсатмоқда.