Эрон Трампнинг мамлакат ядро қуроли ҳақидаги даъволарини рад этди

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ президенти Доналд Трампнинг баёнотларини “асоссиз ва сиёсий мақсадга эга” деб ҳисоблашини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 авг – Sputnik. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий ижтимоий тармоқ орқали чиқиш қилиб, Дональд Трампнинг Эрон ядро қуроли яратишга уринаётганига оид сўнгги баёнотларини кескин танқид қилди. Бу ҳақда Эроннинг PressTV ахборот агентлиги хабар қилмоқда.
Бақоий бу иддаоларни “йиллар аввал оддий фуқаронинг айтган сўзларига асосланган, кўп бора рад этилган эски даъво” дея баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Трампнинг бу баёнотлари Эроннинг тинч мақсадларга қаратилган ядро иншоотларига АҚШ ва Исроил томонидан уюштирилган ҳужумларни оқлашга қаратилган.
У, шунингдек, АҚШ Миллий разведка директори бошчилигидаги идора бу йил март ойида Конгрессда берган ҳисоботида “Эрон ядро қуроли ишлаб чиқмаяпти”, деган хулосага келганини эслатиб ўтди.
Эрон ТИВ расмий вакили Трампни ҳақиқатни сиёсий мақсадларга қурбон қилаётганликда айблади
“Унинг бу сўзлари фактларга эмас, балки сиёсий манфаатларга асосланганини яна бир бор кўрсатиб қўйди”, — деди Бақоий.
Эрон ядро дастури бўйича музокаралар олиб боришга тайёр — Пезешкиён