ТОШКЕНТ, 24 авг – Sputnik. Иордания Ҳошимийлар подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн 25-26 август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, олий мартабали меҳмон ташрифининг асосий тадбирлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
“Саммит кун тартибидан сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, кимё, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, кончилик ва бошқа тармоқларда кооперацияни йўлга қўйиш, маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш масалалари ўрин олган”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилади.
Музокаралар якунида икки томонлама битимлар тўплами имзоланиши кўзда тутилган.