ТОШКЕНТ, 22 авг – Sputnik. "Давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини жалб қилган ҳолда ваучер асосида касб ва хорижий тилларга ўқитиш тизимини жорий қилиш тўғрисида" Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.
Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотлар доирасида ушбу тизим жорий этилмоқда. Унга кўра, ишсиз аҳолини, шу жумладан “Камбағал оилалар реестри”га киритилган шахсларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш харажатлари давлат томонидан махсус ваучерлар орқали қоплаб берилади.
Тизимнинг асосий жиҳатлари:
Ишсиз фуқаролар туман ёки шаҳар бандлик бўлимига ёки онлайн платформа орқали мурожаат қилиб, ўқиш харажатларини давлат ҳисобидан қоплатиши мумкин бўлади.
Давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари учун ягона электрон рўйхат шакллантирилади. Фақат белгиланган талабларга жавоб берган таълим муассасалари реестрга киритилади.
Фуқаролар қайси таълим ташкилотида ўқишни мустақил танлайдилар.
Ишсиз шахс, таълим ташкилоти ва бандлик вазирлиги ҳудудий бўлими ўртасида у томонлама шартнома тузилади.
Ўқув жараёни ва имтиҳонлар масофавий мониторинг орқали кузатиб борилади ҳамда тингловчиларнинг якуний имтиҳон натижалари асосида махсус сертификат берилади.
Иш берувчилар ҳам ўқув жараёнларини кузатиш имконига эга бўлиб, бу уларга кадрларни танлашда қулайлик яратади.
Таъкидланишича, янги тартиб ишсизлар ва кам таъминланган аҳолига касб ва хорижий тилларни ўрганиш имкониятини беради. Аҳоли бандлиги таъминланиб, меҳнат бозорида талаб юқори мутахассислар тайёрланади. Шунингдек, ўқув марказлари ўртасида рақобатни кучайтиради ва шу орқали таълим сифатини оширишга хизмат қилади.