ТОШКЕНТ, 8 авг – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби маълум қилди.
Йиғилишда сўнгги 7 йилда олийгоҳларга қабул 4,5 баробар ошиб, қамров 42 фоизга етган бўлса-да, кадрлар тайёрлаш тизими реал эҳтиёжга мос эмаслиги қайд этилди.
"Яқин 3-4 йилда ишга тушадиган 83 миллиард долларлик йирик лойиҳалар ҳисобига саноатни ўзида 500 мингга яқин кадр зарур",— деди давлат раҳбари.
Президент ишга жойлаштириш бўйича ҳисоб-китоблардаги камчиликларни танқид қилди.
Шавкат Мирзиёев
© Пресс-служба президента Узбекистана
Жорий йилда 231 минг битирувчидан 125 минг нафари ишга жойлашган бўлса, уларнинг 42 минг нафари ўзини ўзи банд қилган. Давлат бир талабани ўқитиш учун йилига 25-30 млн сўм сарфлайди, дипломли мутахассисларнинг ярмидан кўпи кам малака талаб этадиган ишларда банд.
Олийгоҳларда "Янги Ўзбекистон" баҳолаш тизими жорий этилади. Олийгоҳни молиялаштириш тўплаган балларига боғлиқ бўлади.
85 фоиздан юқори балл тўплаган университетларга молиялаштириш учун 20 фоиз бонус берилади, 56 фоиздан паст бўлса, маблағлар қисқартирилади. Мезонларни ишлаб чиқишда илмий, ижтимоий ва амалий олий ўқув юртлари ўртасидаги фарқлар ҳисобга олинади.
Ўзини ўзи банд қилиш энди ишга жойлаштиришни баҳолашда ҳисобга олинмайди.
"Янги Ўзбекистон" университетида "ректорлар мактаби" орқали ректор ва проректорликка номзодлар тайёрланади, уларнинг энг яхшилари малака ошириш учун Гарвард университетига юборилади.
ОТМлар ташкилий ва академик жиҳатдан мустақил бўлади: ректорларнинг ўзи ўринбосарларни тайинлайди (амалдаги тартибга кўра, вазирлик билан келишилиши керак), штат ва молиялаштиришни тақсимлайди, "супер" контракт миқдорини белгилайди.
Эндиликда абитуриентлар 5 та олийгоҳдан бирортасига киролмаган бўлса, лекин тўплаган балли бошқа олийгоҳдаги тўлмаган йўналишга тўғри келса, шу олийгоҳ ректори уларни контракт асосида қабул қилиши мумкин бўлади.
Президент ишсиз қолган 92 минг нафар битирувчини иш билан таъминлаш режасини тақдим этди:
20 минг нафари - магистратурага ва иккинчи мутахассисликни эгаллашга юборилади;
20 мингта - 10 мингта корхонага иш тажрибаси талаб этилмаган ҳолда қабул қилинади;
15-20 минг нафари бизнес-инкубаторлар ва маркетинг, дизайн ва IT соҳасидаги стартаплар орқали ишга жойлаштирилади;
10 минг нафари - кимё, энергетика, геология, автомобилсозлик, металлургия ва фармацевтика соҳаларида муҳандис ва техник лавозимларни эгаллайди;
5-7 минг нафари тўқимачилик, чарм, электротехника, қурилиш ва озиқ-овқат саноатида иш билан таъминланади;
6 мингтаси - транспорт, логистика, йўл, коммунал ва қурилиш хўжалигига жалб қилинади;
10 минг нафари - педагогика, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, маданият ва санъат соҳаларига ишга жойлаштирилади;
30 минг нафарига ўз бизнесини очиш учун ёрдам кўрсатилади.
Ёшлар бандлигини таъминлаш учун банкларга 300 миллион доллар ажратилган. Катта миқдорда кредит олган ва унинг қайтарилишидан қўрқаётган битирувчиларнинг хавотирига жавобан имтиёзли кредитларнинг бир қисмини битирувчиларни ишга олган корхоналарга бериш тўғрисида қарор қабул қилинди. Тадбиркорлар 5 миллиард сўмгача 18 фоиз ставкада кредит олишлари мумкин - кредит миқдори ишга қабул қилинган битирувчилар сонига боғлиқ бўлади.
Масалан, 1 миллиард сўмгача кредит олишда корхона камида битта, 5 миллиард сўмгача кредит олишда камида бешта битирувчини иш билан таъминлаши керак. Агар корхона ишга қабул қилинган битирувчини икки йил ичида ишдан бўшатса, кредит ставкаси автоматик равишда тижорат ставкасига кўтарилади. Бу тизим нафақат жорий йил битирувчиларига, балки университетни охирги уч йилда тамомлаганларга ҳам тааллуқли.
Ушбу чора-тадбирлар давлат ва хусусий университетлар ўртасида рақобатни ривожлантиришга, кадрлар тайёрлашни иқтисодиёт эҳтиёжларига янада аниқроқ мослаштиришга қаратилган.