Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилади

Олий мактабга бошланғич мусиқий билимга эга бўлган ўқувчилар ижодий синов асосида 9-синфдан қабул қилинади. Битирувчиларга ўрта махсус касбий таълим тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 авг – Sputnik. Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби негизида Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилади. 28 июль куни президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Олий мактабда ўқув жараёни 2025/2026 ўқув йилидан бошланади.
Олий мактабга бошланғич мусиқий билимга эга бўлган ўқувчилар ижодий синов асосида 9-синфдан қабул қилинади.
Ўқув жараёни давлат грантига асосланган 3 йиллик ўқув дастури бўйича ташкил этилади ҳамда битирувчиларга ўрта махсус касбий таълим тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.
Олий мактабнинг иқтидорли битирувчилари ўз ўқишини тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича олий таълим ташкилотларининг 2-босқичидан давом эттириши мумкин.
Шунингдек, олий мактабда Шерали Жўраев ижодий йўналиши ва фаолияти бўйича илмий-ижодий лаборатория фаолияти йўлга қўйилади.
Мирзиёев санъат ва ҳунармандчиликка оид таклифлар билан танишди