TOШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. "Россия сегодня" медиа гуруҳи матбуот хизмати Sputnik Озарбайжон раҳбарларининг Бокуда ҳибсга олиниши юзасидан баёнот берди.
Қайд этилишича, "Россия сегодня" Бокуда икки нафар Россия фуқароси, Sputnik Озарбайжон раҳбари қўлга олинганидан чуқур хавотирда. Улар билан бирга таҳририятнинг бир неча ходими - Озарбайжон фуқаролари ҳам қўлга олинган.
Уларга ҳеч қандай айблов қўйилмаган, консуллик ходимларининг Россия фуқаролари олдига кириши таъминланмаган, мавжуд маълумотларга кўра, таҳририят раҳбари Игорь Картавихнинг хонадонида тинтув ўтказилган, компьютер техникаси олиб қўйилган.
“Бу ҳаракатларнинг барчаси ҳеч қандай асосга эга эмас ва Sputnik Озарбайжоннинг блокланишига олиб келди. Шуни таъкидлаш керакки, Игорь Картавихнинг соғлиғи хавотирга сабаб бўлмоқда. Унга дори-дармон, жумладан, инсулин керак. Озарбайжон расмийларини номақбул вазиятни зудлик билан ҳал қилишга ва ҳамкасбларимизни озод қилишга чақирамиз”, — дейилади баёнотда
Шунингдек, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Москва Боку билан тўғридан-тўғри алоқалар давомида ҳибсга олинган россиялик журналистларни озод қилишга эришишга умид қилмоқда.
“Sputnik”нинг Бокудаги офисида содир этилган "операция":
Душанба куни Озарбойжон ИИВ нашр офисида "операция" ўтказилишини эълон қилди.
Агентлик ходимлари алоқага чиқмади, эҳтимол уларни телефондан маҳрум қилишган.
Полиция Sputnik офисига иш жойида бўлмаган ОАВ ходимларини ҳам чақирди.
Журналистлар орасида Россия фуқаролари ҳам бор.
Озарбайжон хавфсизлик кучлари Sputnik Озарбайжон таҳририяти раҳбари Игорь Картавих ва бош муҳаррир Евгений Белоусовни ҳибсга олди.
Россиялик дипломатлар ҳибсга олинган журналистлар, шунингдек, таҳририят биносидаги мухбирлар олдига киритилмади.
Бинога кириш имкони йўқ, Sputnik журналистлари билан мулоқот қилишнинг иложи йўқ, кўчада бир нечта хавфсизлик кучлари навбатчилик қилмоқда.
Февраль ойида Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Sputnik агентлигининг республикадаги фаолиятини тўхтатиш ниятида эканлигини маълум қилган эди.
ОАВ таҳририяти Озарбайжонда ишлашга ҳеч қандай расмий тақиқ қўйилмагани, бу вақт давомида икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари ишчи гуруҳлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликларни ҳал қилиш бўйича конструктив мулоқот бўлиб ўтгани ҳақида хабар берди.
Россия ташқи ишлар вазирлиги Бокунинг нодўстона хатти-ҳаракатлари ва россиялик журналистларнинг ноқонуний ҳибсга олиниши сабабли Озарбайжон элчисини чақиртирди.