TOШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон президенти Масъуд Пезешкиён кеча, 5 июнь куни телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Президентлар бир-бирини ва дўст халқларни муқаддас Қурбон ҳайити – Ийд ал-Адҳо билан самимий қутлаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар даражасидаги фаол мулоқот ва алмашинувлар мамнуният билан қайд этилди.
Савдо, инвестиция, транспорт ва логистика, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Эрон етакчилари минтақавий кун тартиби ҳамда бўлажак тадбирлар режаси юзасидан фикр алмашдилар.