TOШКЕНТ, 28 май — Sputnik. Фарғона шаҳрида Россиянинг “Синергия” рақамли касблар техникуми ташкил этилади, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Россиянинг “Синергия” корпорацияси вице-президенти Михаил Ерофеев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда ёш авлодни рақамли соҳаларга йўналтириш, уларни ахборот-коммуникация технологиялари билан боғлиқ замонавий касбларга ўқитиш орқали рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Фарғона шаҳрида “Синергия” рақамли касблар техникумини ташкил этиш ҳамда ушбу техникум билан Россиядаги “Синергия” рақамли касб-ҳунар техникуми ўртасида икки томонлама диплом бериш дастурини йўлга қўйиш режалаштирилган.
“Мулоқотда мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва ўзаро ҳамкорлик чора-тадбирларини белгилаб олиш бўйича келишиб олинди”, — дейилади хабрада.
Учрашувда “Синергия” корпорацияси фаолияти ҳақида тақдимот ўтказилди. Ушбу кластер 50 тадан ортиқ турли йўналишдаги ташкилотларни ўз ичига олган бўлиб, таълим, технологик ресурслар, маркетинг, сотув ва ўқув жараёнларини бошқариш соҳаларида катта тажрибага эга экани таъкидланди.