Трансафғон темир йўли Марказий ва Жанубий Осиё учун драйвер бўлади — ТИВ

Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Sputnik
TOШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Трансафғон темир йўли лойиҳаси Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларида савдо ва инвестициялар ўсишининг янги драйвери бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Сурхондарё вилоятидаги "Термиз" халқаро савдо маркази эркин савдо зонасида "Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш" мавзусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши бошланди.

“Термиздан жанубий денгизларгача бўлган Трансафғон темир йўли каби лойиҳаларнинг амалга оширилиши улкан макроминтақанинг савдо-иқтисодий ландшафтини тубдан ўзгартириб, Марказий ва Жанубий Осиёни ўзаро савдо ва инвестициялар ўсишининг янги драйвери билан таъминлашга қодир”, — деди Аълоев.

Унинг айтишича, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларига мамлакатларни боғлайдиган, товарлар ва йўловчиларнинг тез ва ишончли транзитини таъминлайдиган қулай автомобиль йўллари, темир йўллар, ҳаво қатнови зарур.
"Биз ўзаро товар айирбошлашни, корхоналар ўртасидаги кооперацияни ошириш учун улкан салоҳиятга эгамиз. Қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, тўсиқларни бартараф этиш, стандартларни бирлаштириш, кооперацияни кенгайтириш - буларнинг барчаси қарийб 2 миллиард кишилик ягона бозорни шакллантириш имконини беради," — дея қўшимча қилди у.
Афғонистон томонининг маълум қилишича, мамлакат Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг барча ташаббусларида фаол иштирок этишга тайёр.

"Афғонистон Ислом Амирлиги транспорт, инфратузилма, электр энергиясини узатиш, савдо, таълим, иқлим ўзгариши ва барқарор тараққиёт каби барча минтақавий ташаббусларда фаол иштирок этишга тайёр", — деди мамлакатнинг ташқи ишлар вазири ўринбосари Муҳаммад Наим Вардак.

Тадбир Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон ТИВ ва Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилди.
Россия ва Ўзбекистон Трансафғон темир йўли лойиҳаси тўғрисида ҳужжат имзолади