Афғонистон Ўзбекистонга Имом Бухорий мажмуаси қурилиши учун оқ мармар жўнатди

Ўзбекистон Афғонистондан Имом Бухорий мажмуаси қурилиши учун оқ мармар қабул қилиб олди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Афғонистон Ўзбекистонга Самарқандда барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси қурилиши учун 16 та юк машинасида Ҳирот оқ мармари юборди, дея хабар берди Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
Ўзбекистон ва Афғонистон вакиллари Термиз халқаро савдо марказида учрашди. Унда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Афғонистон бош вазири котибияти раҳбари Мулло Абдул Восе ҳамда Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо раҳбарлигидаги делегациялар иштирок этди.
Қайд этилишича, Имом Термизий, Имом Бухорий, Жалолиддин Балхий, Абдураҳмон Жомий каби улуғ алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси икки халқ ўртасидаги яқин алоқаларнинг ёрқин рамзи ҳисобланади.
Афганистан направил в Узбекистан 16 грузовиков с белым мрамором
“Учрашув якунида Афғонистон томонидан Самарқанд шаҳрида барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси қурилиши учун юборилган 16 та юк машинасидаги Ҳирот оқ мармари Ўзбекистон томонидан қабул қилиб олинди”, — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Афганистан направил в Узбекистан 16 грузовиков с белым мрамором
Айтилишича, бундай амалий ҳамкорлик икки биродар халқ ўртасидаги тарихий яқинлик, ўзаро ҳурмат ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маълумот учун, Имом Бухорий мажмуаси янгидан барпо этилмоқда. Мақбара майдони 600 квадрат метр, баландлиги 28 метр этиб кенгайтирилган. 10 минг кишига мўлжалланган масжид бунёд этилган. Мажмуанинг 4 бурчагидаги 75 метрлик миноралар унга улуғворлик бағишлаган.
Имом Бухорийнинг илмий сафарлари харитаси яратилади