TOШКЕНТ, 2 май — Sputnik. Ўзбекистонлик созандалар III Фужайра халқаро уд форумида иштирок этади. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра Тасвирий санъат академиясида 5-7 май кунлари “Бир уд, кўплаб маданиятлар” шиори остида III Фужайра халқаро уд форуми бўлиб ўтади.
Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Эрон, Миср, Сурия, Ўмон, Ироқ, Испания, Марокаш каби давлатлардан уд ва миллий чолғу асбоблари ижрочилари иштирок этади.
Ташкилотчиларга кўра, тадбирнинг очилиш қисмида турли миллат вакилларидан иборат 50 нафар созандадан тузилган оркестр ҳинд, ўзбек, озар ва турк миллий услубларини, шунингдек, испан фламенкоси, рок мусиқаси ва араб шарқ мусиқаларини ўзида мужассам этган мусиқий композиция ижро этади. Форум давомида, шунингдек, турли мамлакатдан келган санъаткорларнинг яккахон ва жамоавий чиқишлари ҳам бўлиб ўтади.
Фужайра Тасвирий санъат академияси бош директори Али Обаид Ал Хефаитининг айтишича, мазкур анжуман мусиқа орқали халқлар ўртасидаги маданий мулоқот ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра Тасвирий санъат академияси ва Ўзбекистон давлат консерваторияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ўтган йили сентябрь ойида Фужайра тасвирий санъат академияси директори Али Обаид Ал Хефаити ва бир гуруҳ созандалар Ўзбекистонда бўлди. Улар сафар давомида Ўзбекистондаги машҳур созандалар ва жамоалар билан биргаликда концерт дастурида қатнашишди.