Ойлаб достон айтиш ёки даврадан чиқиб кетиш: ўзбек бахшичилиги қандай ривожланган?

© Республиканский центр искусств БахшиРеспубликанский центр искусств Бахши
Республиканский центр искусств Бахши - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 04.01.2025
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Қадимда иқтидорли бахшиларга тингловчилар баҳо берган. Халқ олқишини олиш қўлидан келмаган достончи даврадан чиқиб кетган. Масалан, бахши Шерназар Бердиназар ўғли 7 кеча достон айта олган. Афсуски, айрим достончилик мактаблари ўз фаолиятини тугатишига ҳам тўғри келган.
Бахшилар мазкур санъатни қандай ривожлантира олгани ҳақида Республика Бахшичилик санъати маркази матбуот хизмати ходими Камолбек Рамазонов Sputnik Ўзбекистон билан суҳбатда гапириб берди.
Достончилик ўзбек халқ оғзаки ижодининг йирик ва кенг тарқалган жанри. “Достон” сўзи адабий атама сифатида халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётдаги йирик ҳажмли эпик асарларни англатади. Халқ достонларини дўмбира жўрлигида ижро этувчи ва куйловчи санъаткор “шоир” ёки “бахши” деб аталган.

БАХШИ ЎЗИ КИМ ВА У ҚАНДАЙ БЎЛИШИ ЛОЗИМ?

Бахши – халқнинг маънавий меросини, урф-одатларини, тарихий хотирасини ва бадиий ифодасини ўзида мужассам этган ижодкор санъаткор.

“Бахшилар нафақат достонлар ижрочиси, балки миллат руҳининг тарғиботчиси, халқ орасида донишмандлик ва адолат тимсоли ҳисобланади. Улар халқ оғзаки ижоди намуналарини авлоддан авлодга етказиб, маданий ва маънавий қадриятларнинг сақланиши ва ривожланишида муҳим рол ўйнайди”, — дейди Рамазонов.

Бахши ижро этадиган достонлар одатда тарихий воқеалар, қаҳрамонлик, севги, садоқат ва инсоний фазилатларни улуғлайди.
© Республиканский центр искусств БахшиРеспубликанский центр искусств Бахши
Республиканский центр искусств Бахши - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.12.2024
Республиканский центр искусств Бахши
“Бахши бўлиш оддий касб эмас, балки ўзига хос юксак маънавият, истеъдод ва масъулиятни талаб қиладиган мураккаб санъатдир. Бахши дутор ёки дўмбира каби миллий чолғу асбобларида маҳорат билан чалиб, мусиқий оҳанглар орқали достон мазмунини бойитиши керак. Чолғу асбоби билан достоннинг руҳияти ва ҳиссиётларини тингловчига етказиш бахшининг асосий вазифасидир”, — дея аниқлик киритди у.

БАХШИЧИЛИК САНЪАТИ ТАРИХИ

Дастлаб қўшиқ шаклидаги, мусиқа асбобисиз куйланадиган асарлар яратилган. Х-ХI асрларга келибгина достонлар дўмбира жўрлигида айтила бошланган. Достоннинг бундай намуналари Каспий ва Орол денгизлари бўйларидаги қадимги кўчманчи туркий қабилалар орасида вужудга келган.
Эпик достонларни яратувчи ва куйловчи бадиҳагўйлар кўпайиб борган сари устоз-шогирд анъаналари вужудга кела бошлади. Бунинг натижасида достончилик мактаблари пайдо бўлди.
Қадимий достончиликда ХV-ХVI асрлар достон тараққиётида жиддий кўтарилиш босқичи, ХIХ-ХХ асрлар эса унинг ривожланган даври ҳисобланади.
© Республиканский центр искусств БахшиРеспубликанский центр искусств Бахши
Республиканский центр искусств Бахши - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.12.2024
Республиканский центр искусств Бахши

“Бу даврда бахшилар репуртуарида 250 тадан ортиқ халқ достони бўлиб, уларни “Тилла кампир”, “Султон кампир”, “Жонон бахши”, “Бурон шоир”, “Жуманбулбул”, “Жоссоқ”, “Хонимжон халфа”, “Буви шоира”, “Суяв бахши”, “Амин бахши”, “Йўлдошбулбул”, “Султонмурод”, “Қурбонбек”, “Йўлдош шоир”, “Суяр шоир” каби машҳур бахшилар куйлаб келганлар. “Эргаш Жуманбулбул ўғли”, “Фозил Йўлдош ўғли”, “Пўлкан”, “Ислом шоир”, “Шерна юзбоши”, “Саидмурод Панох ўғли”, “Берди бахши”, “Абдулла Нурали ўғли”, “Умир шоир”, “Бола бахши”, “Аҳмад бахши” каби етакчи санъаткорлар ўзларига замондош бошқа бахшилар билан биргаликда бу эпик анъанани давом эттирдилар”, —деди Камолбек Рамазонов.

Иқтидорли достончилар ойлаб достон куйлай олишган

Достончилик қатъий тартибга риоя қилинган ҳолда эжро этилган, достон эшитиш учун махсус кечалар уюштирилган, тўй ҳашамлар ҳам бахшиларсиз ўтмаган.
Бахши ижро давомида достондаги ҳар бир тасвирга мос сўз топиб, ўша сўзларга монанд хатти-ҳаракатлар қилган. Тингловчиларни қизиқтириш билан ўзи ҳам тобора авжга чиққан. Иқтидорли достончилар икки-уч кеча мобайнида, ҳатто ойлаб достон куйлай олишган.

“Масалан, Шерназар Бердиназар ўғли 7 кеча давомида достон айта олган. Баъзи достонларнинг ҳажми ҳам икки-уч кеча муттасил ижро этишни тақозо этган. Достончи, одатда, воқеа энг қизиқ жойга етганда куйлашни тўхтатиб, танаффус қилган, бу эса тингловчиларнинг қизиқишини яна ҳам оширган. Достон кечаларига икки-уч бахши ташриф буюрган”, — дея аниқлик киритди Рамазонов.

Унинг айтишича, бундай ҳолларда достончилар ўзаро тортишувга киришишган: иқтидорлар, сўздаги чечанлик, соз чалишдаги маҳоратлар синалган. Тингловчилар уларга баҳо беришган. Халқ олқишини олмаган достончи даврадан чиқиб кетган.

Достончилик мактаблари қандай ривожланган?

Ўзбек бахшичилик ва достончилигида Булунғур, Нарпай, Қўрғон, Хоразм, Чироқчи, Бешқўтон, Қамай, Бойсун, Шеробод каби йирик достончилик мактабларидан ташқари, Қамай, Пискент, Кўлбуқон, Жума ўзбек лақай ва бошқа шундай марказлар ҳам маълум.
Қамай достончилик мактаби ХIХ асрда Қашқадарё вилояти, Қамаши туманининг Қамай қишлоғи билан боғлиқ Қамай достончилик мактаби Шеробод поетик мактаби билан ижодий алоқада бўлган.
Бу мактаб Абдукарим Жуйруқ (ХIХ аср), Мулла Холназар ўғли (1910 йил в.э.), Бозор Шерқул ўғли (1887—1953), Ҳазратқул бахши Худойбердиев (1920 йил т.) каби 60 га яқин бахшиларни бирлаштирган.
Улар Шаҳрисабз достончилик мактаби билан ижодий ҳамкорликда бўлган. Қамай достончилик мактаби вакиллари халқ достонларининг лирик йўналишига алоҳида эътибор беришган. Қамай достончиларидан "Нуралининг ёшлиги" (1972, 1977), "Хонимой" (1963) ва бошқа достонлар ёзиб олинган.

“Қамай бахшилари ҳақида гап кетганда уларнинг бир қисми ўқимишли муллалар бўлганликларига эътиборни қаратиш лозим. Демак мулла шоирлар ҳам диний қиссаларни, жангномаларни ўқиб, қиссахонлик қилиб, айни дамда анъанавий халқ достонларини куйлаб этибор қозонишган. Бу эса улар куйлаган достонларда бадиятнинг кучайишига олиб келган. Республикамизнинг бошқа ҳеч қайси ҳудудида асли дин вакиллари ҳисобланган муллаларнинг халқ эпик ижодий тараққиётига Камайлик мулла бахшилар сингари ҳисса қўшиш ҳолати учрамайди”, — деди мутахассис.

Қамайлик мулла Холназар “Нурали” туркум достонларидан бири “Нуралининг ёшлиги” достонини халқ китоби тарзида ёздириб қолдирган.
Қамайликлар XVII асрнинг охири XVIII асрнинг бошларида Сурхон воҳасидан кўчиб келишган ва улар ҳамон шу воҳа аҳолиси билан қариндошчилик алоқаларини узган эмас.
Бугунги кунгача Қамай бахшичилик мактабининг қуйидаги вакиллари аниқланган. Бердумурод шоир, Мурод бахши Хўжаёр ўғли, Абдукарим Жуйруқ Хидир шоир, Бойсари бахши, Мулла Холназар, Мулла Йўдош, Садулла Ҳакимов, Мулла Хўжамқул, Мулла Эшонқул, Мулла Бозор шоир, Назар шоир Шукур ўғли, Шерқул бахши, Шоназар шоир, Худойқул шоир, Яхшибой ўғли, Нормурод шоир, Ойназар шоир, Элмурод қори, Шомир шоир, Мейли шоир, Тулак шоир, Бозор Шерқул ўғли, Маматқобил шоир, Бобоназар шоир, Бердиёр шоир, Эрка шоир Ойназар ўғли, Ахмад Бердиёр ўғли ва бошқалар Қамай достончилиги мактабига мансуб бўлган ижодкорлардир.
Қўрғон достончилик мактаби ўзбек фолклоршунослигида бахшичилик санъати марказларидан бири ҳисобланади.
Қўрғон достончилик мактабига мансуб бахшилар Манғиштоғ, Нурота тоғи, Оқтоғ этакларидан Миёнкулга қадар чўзилган кенг ҳудудда яшаганлар. Уларнинг кўпчилиги Қўрғон қишлоғида тарбия топган.
Ушбу мактабнинг таниқли вакилларидан Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ота-боболари томонидан асос солган бу достончилик мактаби XVII-XX асрлар давомида яшаб ижод этган Ёдгор уста Қўлай ўғли, Уста Лафас Ёдгор ўғли, Тилла кампир, Мулла Тош уста Лафас ўғли, Мулла Холмурод Мулла Тош ўғли, Жолмон бахши, Султон кампир, Қулсомад бахши, Жуманбулбул, Жоссоқ Мулла Холмурод ўғли, Ёрлақаб бахши, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Дарвеш бахши, Пўлкан шоир, Олламурод бахши, Эгамберди Олламурод ўғли, Уста Холиқул, Абдимурод Бердихол ўғли, Қурбонқул бахши, Марди шоир, Рахматилло Юсуф ўғли каби ўнлаб таниқли достончиларни ўзига бирлаштирган.

“Бу бахшилар кўпроқ ишқий достонларни куйлашган. Ўзига хос чуқур лиризм, чиройли тасвирлар, нозиклик ва жимжимадорлик Қўрғон достончилик мактаби услубининг белгиларидир. Бу ҳол Қўрғон достончилик мактабининг кўпроқ ёзма адабиётдан анъаналарига уйғунлашиб борганлигини кўрсатади”, — деди Рамазонов.

Булунғур достончилик мактаби Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида ташкил топган бахшичилик санъати марказидир. Бу мактабга мансуб бахшилар асосан қаҳрамонлик достонларини ижро этиш билан машҳур бўлишган.
Бу мактаб вакиллари репертуаридаги достонларнинг соддалиги, ўта анъанавий ва нисбатан архаиклиги билан ажралиб туради. XVIII-XXасрларда яшаб ижод қилган Амин бахши, Муҳаммад шоир, Чини шоир, Товбузар шоир, Қурбонбек шоир, Султонмурод, Йўлдош булбул, Йўлдош Мулла Мурод ўғли, Раҳимбулбул, Жўра шоир, Дўстёр Хўжаёр ўғли, Хўжаназар бахши, Фозил Йўлдош ўғли, Ёрлақаб Бекназар ўғли каби ўнлаб йирик таниқли бахши достончиларни ўзида бирлаштирган бўлиб, улар асосан Булунғур, Жомбой, Пояриқ, Ғаллаорол, Зомин, Жиззах ҳудудларида яшаб ижод килишган.
© Республиканский центр искусств БахшиМузыкальные инструменты
Музыкальные инструменты - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.12.2024
Музыкальные инструменты

“Бу бахшилар достонларни асосан дўмбира, баъзан қўбиз жўрлигида ижро этганлар. Ушбу мактаб вакилларидан ёзиб олинган "Алпомиш", "Ёдгор", "Юсуф билан Аҳмад", "Машриқо", "Балогардон", "Нурали", "Ширин билан Шакар", "Рустам", "Муродхон", "Зевархон" ва бир қатор бошқа достонлар бадиий услуби жиҳатидан Булунғур достончилик мактабига хос хусусиятларни ўзида мужассам этган”, — деди у.

Бешқўтон достончилик мактаби Қосимкўр юзбошининг шогирди бўлган Алим юзбоши (ХIХ аср иккинчи ярми 1920 йил) Шерабод туманинг Бешқўтон қишлоғида туғилиб, яшаган ва ижод қилган у ушбу мактабнинг асосчиси бўлган. У Эшмурод Шердан ўғли, Нормурод Поён ўғли, Холиёр Абдукарим ўғли, Холёр Алим ўғли, Боймурод Боймат ўғли каби қатор бахшиларга устозлик қилган.
Гарчи у Шерназар бахши билан бир устознинг шогирди ҳисоблансада, аммо уларнинг ижро йўли, айтиш усули, дўмбира чертиш оҳанглари ўзига хос хусусиятга эга бўлган. Алим бахшининг шогирдларидан бойсунлик Холёр бахши Абдукарим ўғли жуда машҳур бўлган. У халқ достонларини маҳорат билан куйлаган ҳолда, миллий озодлик ҳаракатларида фаол қатнашгани учун “Тўқсабо” унвонига эга бўлган. Шўролар ҳукумати қарор топгач, у ўз жонини сақламоқ ниятида амирлик тузумини қоралаб, янги шўролар тузумини улуғлаб “Амир қочди” достонини яратган.
Бу достон 1928 йилда Ҳоди Зариф томонидан ёзиб олиниб ўқув дарсликларга жойлаштирилган бўлса-да, аммо достон муаллифи Холёр бахши Абдукарим ўғли шўролар ҳукумати томонидан 1937 йилда қўлга олинди. Шундан сўнг унинг иқтидорли шогирди Эрмамат Бадалов ҳам ижод қилмай қўйган. Натижада ушбу достончилик мактаби фаолияти тугатилади.
Кофрун достончилик мактаби мактабига Бойсун туманининг Кофрун қишлоғида яшаб ижод қилган бир қатор таниқли бахшилар жамланган. Бу достончилик мактабининг илк асосчиси Адурасул юзбоши (1827-1902) бўлиб бир қатор бахшиларга устозлик қилган. Улардан Шерданақул Мардонақул ўғли, Мирза Хўжамурод ўғли (1875-1913), Исмоил Тўра ўғли (1878-1969), Норбой юзбоши, Ҳасан Қора ўғли (1886-1946), Очилди шоир, Тошмурод Тўра ўғли сингари бир қатор таниқли бахшилар ушбу достончилик мактабининг вакилларидан ҳисобланади. Шўролар сиёсати натижасида Бешқўтон достончилик мактаби вакиллари Холёр бахши Абдукарим ва бошқа бахшиларнинг бошига тушган аянчли фожиалар Кофрун достончилик мактаби вакилларидан Элмурод бахши Исмоил бахши ва Тошмурод бахшиларнинг ҳам ҳаётини ўзгартириб юборди.
Улар ўз жонларини сақлаш учун Денов туманига кўчиб кетишга мажбур бўлишган. Шунингдек, ушбу достончилик мактабининг яна бир вакили Исмоил бахши Тўра ўғлининг Қашқадарё томонларга кетишига сабаб бўлди.
Кофрун достончилик мактабининг вакилларидан Исмоил бахши Тўра ўғли (1966) ва Улаш бахши Ғозиевларнинг (1962) вафот этиши билан ушбу достончилик мактаби фаолияти тугаган. Кофрунлик бахшилар ижросидаги ривоятлар, айрим термалар, достонлардан парчаларгина ёзиб олинишига мувофиқ бўлинган.
Нарпай достончилик мактаби ўзининг репертуар бирлиги, устоз-шогирд анъаналари ҳамда ижро усуллари билан бошқа достончилик мактабларининг бахшиларидан ажралиб турган достончилик мактаби бўлган.
Нарпай достончилик мактаби Эрназар шоир, Ражаб шоир, Тўхтамиш, Абдухолиқ, Ислом шоир Назар ўғли, Нурмон Абдувой ўғли, Зоҳир Қўчқор ўғли, Зиёдулла бахши Исломов каби бир қатор таниқли бахшиларни ўзида бирлаштирган.
Бу мактаб вакиллари асосан Нарпай, Каттақўрғон, Жом, Когон, Муборак, Қарши каби ҳудудларда машҳур бўлганлар. Улардан "Орзигул", "Соҳибқирон", "Эрали ва Шерали", "Кунтуғмиш", "Тоҳир ва Зуҳра", "Алпомиш", "Ҳасанхон", "Зулфизар билан Авазхон", "Гулихиромон", "Хирмондали" каби достонлар ёзиб олинган. Уларнинг аксарияти бугунги кунда нашр этилган. Анъанавий репертуарнинг чуқур халқчиллиги ва замонавийлиги Нарпай достончилик мактабининг ўзига хос хусусиятларидан ҳисобланади.
Бу мактаб вакиллари халқ достонларининг демократик асосларини янада кенгайтиришган. Шунга кўра, Нарпай достончилик мактаби вакилларидан ёзиб олинган достонларда Ойтўра, Холёр, Қинғир чол, Доно чўпон, Ҳамро боғбон, Уста Олим, Умар, Қулмалойик каби кенг меҳнаткашлар оммасининг турли табақаларига оид хилма-хил образлар яратилган. Бошқа мактабларнинг вакилларида бу хил образлар (Кайқубод, Жанжалкал, камбағал чол ўтинчи ва бошқалар) анъанавийлиги билан ажралиб туради.
Чироқчи достончилик мактаби дастлабки манбаларда тадқиқотчилар Абдулла шоирни Шаҳрисабз (ҳозирги Китоб) туманидан бўлганлиги учун Шаҳрисабз достончилик мактаби дейишган. Аммо сўнги изланишлар натижасида Абдулла шоирнинг Чироқчилик Ражаб бахшининг шогирди эканини ва Шаҳрисабз ўрнига Чироқчи достончилик мактаби деб аташ мақсадга мувофиқ эканлиги илмий асосланган.
ХХ аср бошларигача ўзбек достончилигида мавжуд бўлган ўзига хос ижрочилик йўлидир. Бу мактабнинг айрим хусусиятлари улкан Халқ бахшиси Абдулла Нурали ўғли ижоди ва репертуарида сақланиб қолган. Чироқчи достончилик мактабига мансуб бахшилар достонларни шўх ва қувноқ кўтарингки руҳда куйлашлари, куйларнинг ёқимлилиги билан ажралиб туришган.
Абдулла шоир ХIХ асрнинг Шаҳрисабзлик машхур достончилари Хидир шоир, Эрназар шоирлар билан боғлиқ бўлган Ражаб шоирнинг шогирдидир. Абдулла шоир ижроси фольклоршунослар томонидан кузатилган бўлса-да, унинг репертуаридаги кўп достон деярли ёзиб олинмаган. Шоирдан умрининг сўнгги йилларида оғир хасталик пайти ёзиб олинган “Алпомиш” достони у куйлаб келган вариант хусусиятларини ўзида мукаммал сақлай олмаган. Бироқ унинг бошқа бахшилардан фарқ қилувчи ижро усуллари Чироқчи достончилик мактаби ҳақида муайян тасаввур бера олади.
Шеробод бахшичилик мактаби вакиллари “Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Рустамхон”, туркумидаги достонларни куйлаш билан бирга, ўзларининг репертуаридагина хос эпос намуналари кўп бўлган. Бу мактаб вакиллари республиканинг бошқа ҳудудларидаги бахшилардан дўмбирани кўп ва хилма-хил оҳангларда ижро этиши, “Ҳасанхон” туркуми кам куйлагани ҳолда “Авазхон”ва “Нурали” туркуми достонларини алоҳида меҳр билан айтиш жиҳатидан ҳам ажралиб турган. Гўрўғлининг невараси Нурали ҳақида 20 тадан ортиқ достон фикримизни асослайди.
Шунингдек, республикада ҳеч қайси мактабнинг ҳудудий доираси Шеробод достончилик мактабичалик кенг эмас.

“Бу мактаб вакиллари бутун Сурхондарё вилояти, Қашқадарёнинг Деҳқонобод, Қамаши, Кўкдала, Чироқчи туманларини, Тожикистон, Туркманистон республикаларининг ўзбеклар яшайдиган ҳудудларини эгаллаган”, — деди Камолбек Рамазонов.

Шеробод бахшилари куйлаган достонларда қадимий асослар, халқнинг этник урф-одатлари сақлангани кўзга ташланиши билан бирга тарихий мавзуларга ҳам кенг ўрин берилган кўринади.
Қодир бахшидан “Ойчинор”, “Соҳибқироннинг туғулиши”, Қаҳҳор бахши Қодир ўғлидан “Аҳмад Ясаввий ёхуд Гавҳари Хуштор”, “Самарқанд таровати (ёхуд “Навоий Самарқандда”) “Темур ва Боязид”, “Қодир бахши ҳақида достон”, “Туркман даҳоси” (ёхуд Махтумқули) Чори Умировдан “Амур Темурнинг ёшлиги”, “Соҳибқирон” достонларининг ёзиб олиниши юқоридаги фикрни асослайди.
Шеробод достончилик мактабининг асосчиси сифатида тан олинган Шерна номи билан машҳур Шерназар Бердиназар, ўғли (1855-1915) нинг отаси Бердиназар, бобоси Алибойлар ҳам машҳур юзбоши бўлишган. Ривоятларда айтишларича тўрт ёшдан термалар куйлаган Шернани одатга кўра оилада эмас, устоз қўлида тарбиялаш учун Қосимхўр юз бошига шогирдликка беришган.
Шернанинг шогирдлари кўп бўлган бўлсада бугунги Шерабод достончилигига мансуб бахшилар асосан унинг шогирди ва жияни Мардонақул Авлиёқул ўғли ва Умир шоир Сафаровнинг набираси Расул Умировга бориб тақалади. Мардонақул бахши Шернанинг оилавий шажарасига мансубдир.
Шунингдек, Авлиёқул юзбоши Норбой юзбоши, Бўрибой Ахмедов-Қодир Бўриев, Юсуф Қори Ўтаганов, Чоршанби Раҳматуллаев, Хушвақт Мардонақулов, Сайид Хушвақтов, каби 25 нафардан ошиқ бахшилар Шернанинг оилавий достончилик шажараси давомийлигини кўрсатади.
Ушбу далил бахшичилик санъати ҳам наслда бўлгандагина суяк сўриб сўнги авлодга ўтишини кўрсатади. Умир бахши Сафаров, унинг фарзандлари Қора, Сувон ва Чори невараси Расул Умировлар укаси Тангир бахши шогирдлари Ҳайим шоир, Бозор Норматов, Қодир бахши Раҳимов ва Қодир бахшининг ўғиллари Қаҳҳор, Абдумурод, Баҳром, Бобораим бахши ва унинг ўғли Равшан бахши шунингдек Абдуназар Поёнов, Шоберди Болтаев, Махматмурод Ражабов сингари Шеробод мактабига мансуб бахшилар ҳисобланиб, бугунги кунда ушбу мактабнинг умрбоқийлигини таъминлаш мақсадида кўплаб шогирдлар тайёрлаб келишмоқда.
Хоразм достончилик мактаби асосан уч манзилда ташкил топган бўлиб, ушбу марказларни дўкон деб аташган.
Хоразм достончилик дўконлари (Марказ) 3 қисмдан иборат:
1-Марказ Хозарасп вакиллари Хўжаёз бахши, Амин бахши, Мурод бахши, Эшниёз бахши. Марказ Хозарасп (юқори дўкон) Туркманистон Либаб вилояти, Дарғон ота, Пинак достончилик мактабларини ўз ичига олади.
2-Марказ Хива (дўкон) Эшбой бахши, Матниёз бахши (Ғарибниёз) Нурмамат бахши (чўлиқ) Аваз бола, Нурилло чиғатой, Эрнафас бахши, Матёқиб қори Ҳасан бахши, Сайид бахши, Бекжон бахши, Усмон бахши (Бола бахшининг бобоси) Бува бахши, Жуманазар бахши, Абдураим бахши, Бола бахши ва унинг болалари. Маркази Хива (ўрта дўкон) Хива, Хонқа, Янгиариқ, Урганч, Қўшкўпир, Шовот достончилик мактабларини ўз ичига олади.
3-Марказ Манғит шаҳри (Ошоқ дўкон) вакиллари Ризо бахши, Эрназар бахши, Суяв бахши, Отажон бахшилар ва Гурлан, Тошовуз, Хўжайли, Кўҳна Урганч достончилик мактабларини ўз ичига олади.
Хоразмнинг ХIХ асрдаги фаол бахшичилик мактаби Тошҳовуз бўлиб, ўз атрофида кўплаб ўзбек қорақалпоқ туркман бахшиларини жипслаштирган ва унга истеъдодли туркман, бахшиси Суяв бошчилик қилган. Суяв бахши ўзбек Ғарибниёз бахшининг шогирди бўлган. Бу даврда Эшбой, Оташ, Нуржон, Ниёзмат, Абдураҳим, Мусо, Отаниёз, Отажон, Ризо, Эрниёз, Жуманиёз бахшилар шуҳрат қозонишган. Воҳада Жуманазар ва Хўжаёз бахшилардан кейин шажарани Бола бахши (Абдуназар Абдуллаев) давом эттирган. Унинг билан бирга Худайберган, Матназар, Ҳайитбой, Жумабой, Қодир, Абди, Аҳмад, Маҳмуд бахшилар фаолият кўрсатишган. Ҳозирда эса Турсун бахши, Йўлдош бахши, Қаландар бахши ва Бола бахшининг фарзандлари Матёқуб, Норбек Етмишбойлар Хоразм бахшичилик анъаналарини давом эттириб келмоқда.
Хоразм бахшилари куйлайдиган достонлар “Ошиқ” ва “Гўрўғли, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Ошиқ Маҳмуд”, “Ошиқ Ойдин”, “Ошиқ Алванд”, “Саёдхон ва Ҳамро”, “Ҳурлиқо ва Ҳамро”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Қумри”, “Шаҳриёр”, “Лайли ва Мажнун”, “Юсуф билан Аҳмад”, “Дурапшо”, “Тўлимбий”, “Гўрўғлининг туғилиши”, “Бозиргон”, “Араб Райхон”, “Авазхон”, “Хирмон Далли”, “Гулруҳпари” кабилардан иборат.
Ушбу достонлар бахшилар ва достончи ансамблли халфалар репертуари орқали оғзаки тарзда ҳамда якка халфалар ва қиссахонлар репертуари орқали китобий матн ўқиб ёки ёдаки айтилган тарзида халқ орасида тарғиб қилиб келинмоқда.

“Хоразм достонларини бахши гармон ёхуд рубоб ёки тор жўрлигида куйлайди. Унинг ёнида албатта бўламончи ёки ғижжакчи ва доирачи бўлиши лозим. Хоразм достончилигида ҳар бир достонни куйлаш вақти икки-икки ярим соатдан тўрт-беш соатгача давом этиш мумкун”, — дея қўшимча қилди Рамазонов.

Ўзбекистондаги халфачилик санъати Хоразмда мавжуд бўлиб, уни саводхон, гапга чечан, айни вақтда хонандалик қобилятига эга бўлган аёллар ижро қилган. Диний ва дунёвий китоблар, шу турдаги китоблардан парчалар ва достонларни ўқиб, куйлаб келган аёлларни халфа дейишган. Бугунги кунда халфачилик санъати ўз мактабига эга бўлиб, кўпгина ёш қизлар ушбу санъат билан шуғулланиб, самарали ижод қилиб келишмоқда.
Қорақолпоғистон мусиқа маданияти узоқ тарихга эга бўлиб, ҳозирги кунда бой мусиқий фолклор, оғзаки анъанадаги профессионал намуналарига эгадир. Мусиқий фольклор шакллар асосини бахши қўшиқлар ташкил этади.
Халқ маросимлари билан боғлиқ бир қанча жанрлар, яъни бахшилар томонидан айтиб келинаётган мавсум маросим қўшиқлардан “Айдар-айдар” шамолни чақириш, диний маросим “Ярамазан”, оилавий маросим қўшиқлардан “Яр-яр”, “Ҳеужар”, “Ўлен”, “Синсиу”, “Жоқлау” ва бошқалар ўз энг қадимги қатламини ташкил этади.
Бадиий мазмунига кўра халқ бахшиларини қўшиқлари ишқий-лирик, тарихий, маросим, аёллар (қизлар), болалар қўшиқларидан иборат. Уларнинг аксарияти диатоник ладларга асосланиб, оҳанглари мелизматик безакларга бой, куйчанлик хусусиятларга эга.

“Қорақалпоқларда исломдан олдинги маданият ҳисобланувчи руҳларни чақириш, улар ёрдамида беморларни даволаш учун порхан (парихон) лар томонидан ижро этилган “Бадик”, “Гулапсан” сингари айтимлар ҳам сақланиб қолган. Фолклор мусиқасида аёллар (қизлар) нинг чанг, қўбиз мусиқаси йигит-қизларнинг театрлашган ўйин-қўшиқлари, лапарлари (“Яғлы бахар”) мавжуд”, — дейди Рамазонов.

Қорақалпоқларнинг оғзаки анъанадаги профессионал мусиқасининг марказий қисмини достон мусиқаси эгаллайди. Қорақалпоқ достон ижрочилари 3 турга бўлинади: жировлар, бахшилар ва қиссахонлар-у уларнинг ҳар бири ўзига хос маълум ижтимоий-сиёсий шароитда юзага келган. Шунингдек, улар бир-биридан репертуаридаги достонлар мазмуни, ижро услуби, достоннинг махсус айтимлари ҳамда мусиқий чолғу жўрнавозлиги жиҳатидан фарқ қилади.
Жировлар фаолияти анъанавий ижодининг энг қадимги қатламига мансуб бўлиб, қаҳрамонлик достонларни (“Қоблан”, “Шаряр”, “Едиге”, “Алпамис”, “Маспатша”), тарихий тўлғовларни ички овозда қўбиз жўрлигида ижро этади.
Қорақалпоқ достончилари орасида бу касбнинг энг қадимги намоёндалари, яъни жировлар хозирги кунгача ўз ота-боболари анъаналарини давом эттириб келишмоқда. Улар қаҳрамонлик ва баҳодирлик достонларини асосан қўбиз жўрлигида куйлашган. Жировлар ҳақидаги маълумотлар кам бўлсада турли афсоналарда учраб туради. Масалан: Олтин Ўрда хонлиги емирилмасдан олдин пайдо бўлган Нугойларнинг “Едигей” достонида Соппасли Сапира деган жировнинг жуда доно бўлганлиги, қадимги баҳодирлар ҳақидаги достонларни қўбиз жўрлигида айтиб уруғ ва элатларни бирлашишга чорлаганлиги тўғрисида маълумотлар келтирилади. Шанкай ёки Шанкет жиров (1814-1884), Жиямурат жиров (1836-1908), Нурабилла жиров (1862­1922), Ерпўлат жиров (1861-1938), Қурбанбай жиров (1876-1958), Тўра жиров (1879-1944), Отаниёз жиров (1883-1989), Огиз жиров (1884-1954), Қиёс жиров (1903-1974) каби жировлар ҳаёти ва ижоди Қорақолпоқ фолклоршунослари томонидан кенг ўрганилди.
Қорақалпоқларда дутор чалиб қўшиқлар ижро қиладиган, барча турдаги (ишқий-романтик, насиҳат-дидактик, диний-фалсафий) достонларни айтадиганларга “бахси” ёки “бахши” дейилади. Қорақалпоқ бахшилари жировларга қараганда кейинроқ пайдо бўлган. Қорақалпоқлар Ўрта Осиёга кўчиб келгандан кейин айниқса, Хоразм ҳудудига жойлашгандан сўнг бахшилик касби кенг тарқалган бўлиб, бу касб уларга Ўрта Осиё халқларидан, хусусан Оролли ўзбеклардан ва қўшни туркманлардан ўтган.
© Республиканский центр искусств БахшиРеспубликанский центр искусств Бахши
Республиканский центр искусств Бахши - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.12.2024
Республиканский центр искусств Бахши
Машҳур қорақалпоқ бахшиларидан Окмамбет бахши, Муса бахши (1836-­1907), Эденбой бахши ва бошқалар достончилик ҳунарини ривожлантиришган. Улар кўҳна Хоразм маданиятини ҳар тарафлама ўрганиб ундан ижодий фойдаланганлар. Натижада “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Юсуф — Ахмад”, “Гўрўғли” каби достонлар қорақалпоқ бахшиларининг асосий репертуарини ташкил қилган.

“Достон номаларининг ҳам кўпчилиги Оролли ўзбеклардан ўтган бўлиб, кейинчалик барча ўзбек, туркман ва қорақалпоқ бахшиларининг устози Суяв бахшининг номалари кенг тарқалган ва унинг анъаналарини иқтидорли қорақалпоқ бахшилари давом эттирганлар”, — деди Камолбек Рамазонов.

Қиссахонлар кўпинча саводхон шахслар бўлиб, халқ йиғинларида достон қўлёзмаларини ўқиб ёки ёддан айтиб беришади. Улар шеърларни фақат ўзига хос, нутқ интонациясига яқин айтим куй (нама)ларга солиб, мусиқий чолғу жўрлигисиз очиқ овозда ижро этишади.
Ғижжак (гиржек) ва бўламондан ташқари чанг, қўбиз, қамиш сурнай ва болалар хуштаги (“искирауик”) киради. Ўтмишда қорақалпоқларда чиндовул, сурнай, карнай, ноғора, дап (доира) каби чолғуларнинг мавжудлиги ҳақида қаҳрамонлик достонларида маълумотлар сақланган. Булардан қўбиз ва дутор кенг тарқалган, уларда моҳир созандалар томонидан қорақалпоқ мумтоз чолғу куйлари чалинади. Айниқса, дутор куйлари орасида “Мухаллес”, “Налиш” каби туркумий куйлар шаклан мураккаб ва ифода воситаларининг бойлиги билан ажралиб туради.
Қорақалпоқ халқ анъанавий мусиқа ривожланишига ХХ асрда Нурабулло жиров, Ерпўлат жиров, Ҳўқиз жиров, Жумабой жиров, Қиёс бахши Ҳайратдинов, Жапақ бахши Шомуротов, Есжан бахши Қоспўлатов, Кенжабой бахши Тилевмуротов, Қорақалпоғистон халқ артисти Т. Қурбонов ва бошқалар салмоқли ҳисса қўшишган.
Қорақалпоқ мумтоз бахшичилик санъатининг йирик намоёндаси шоир Жиен Жировнинг (Тоғай ўғли 1730–1784 йил) фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Ўзининг “Улуғ тоғ”, “Пўсган ел” достонларида қорақалпоқларнинг Хоразмга кўчиб келиш тарихини куйлаган. Ажиниязнинг ижоди ХIХ асрда ижод қилган қорақалпоқ шоирлари орасида етакчи ўринни эгаллайди. Унинг асарлари алоҳида тўпламлар сифатида қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ ва рус тилларида чоп этилган.
Бердақ (Қарғабой ўғли 1827–1900 йил) шоирнинг бахшичилик йўналишдаги лирик, сатирик, дидактик шеърлари, тарихий достон (“Айдос бий”, “Амонгелди”, “Эрназар бий”) лари диққатга сазовор.
Шунингдек, Отеш Алшинбай ўғли (1828–1902 йил), Қулмурот Қурбон ўғли (1845–1926 йил), Қурбонбой Тожибоев (1876–1958 йил), Омар Сугиримбет ўғли ва бошқа шоирларнинг шеър, достон ва турли асарлари қорақалпоқ адабиёти тарихида муносиб ўрин эгаллайди.
“Машҳур “Қирқ қиз” достонининг машҳур куйловчиларидан бири сифатида жиров Жиен Тоғай ўғли тан олинади. Достонда қорақалпоқ халқининг чет эл босқинчиларига (қалмоқ хони Суртайшо ва Эрон ҳукмрони Нодиршоҳ, умуман, қизилбошлилар) қарши кураши акс эттирилади, жангларда Гулойим бошлиқ қирқ қиз ва Хоразм баҳодири Арслон чексиз қаҳрамонлик намуналарини намойиш этадилар”, — дейди у.

МАШҲУР БАХШИЛАР

Дарға бахшилардан:
Шерна бахши Бекназар ўғли (1866-1920). Янги даврнинг бахшичилик мактаби сифатида тилга олинаётган Шеробод бахшичилик мактабига илк тамал тошини қўйган инсонлардан бири, шубҳасиз, Шерна бахши Бекназар ўғлидир. Шерна бахши ўғли тахминий 1866 йил Шеробод беклигига қарашли Азон қишлоғида Бекназарбой оиласида таваллуд топган.
Эргаш шоир Жуманбулбул ўғли (1868-1937). Эргаш Жуманбулбул ўғли 1868 йилда ҳозирги Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Қўрғон қишлоғида оддий деҳқон оиласида таваллуд топган. У ўзбек халқ шоири, достончиси. Унинг етти ота-бобосигача, шунингдек, амаки ва момолари достончи-шоир ўтган.
Бахши-шоир Фозил Йўлдош ўғли (1872-1955 йил). Фозил Йўлдош ўғли 1872 йилда Жиззах вилояти Бахмал тумани Лойқа қишлоғида туғилган. Фозил Йўлдош ўғли ўзбек халқ шоири, бахши, Йўлдош Мулла Мурод ўғлининг шогирди, Булунғур достончилик мактабининг энг йирик ва сўнгги вакили. Достончилик санъатига ҳаваси эрта уйғонган бўлиб ёшлигидан дўмбира чертишни, терма айтишни машқ қилган.
Умир шоир Сафар ўғли (1894-1966). Жанубий Ўзбекистон достончилигининг яшовчанлигида, яъни бугунги кунда бизгача етиб келишида Умир шоир Сафар ўғлининг алоҳида ўрни, хизмати бор. У Шеробод достончилик мактабининг йирик вакилидир. Шунинг учун ҳам у эллик йилдан ортиқ муддат мобайнида Қашқа ва Сурхон воҳаларида бирдай ардоқланиб келинмоқда.
Қурбонназар Абдуллаев (Бола Бахши 1899-1994). Хоразм бахшичилик мактабининг вакилларидан бири бўлган таниқли Хивалик бахши Қурбонназар (Абдуллаев Бола бахши) 1899 йилда таваллуд топган. Бола бахшининг аждодлари ўз даврининг кўзга кўринган атоқли бахши ва гўяндалари бўлишган. Бола бахши ўн ёшидан қўлида сози билан элга хизмат қилди. Унинг боболаридан қолган эски лисонда ёзилган достон китобларини ўрганиб, хат саводи чиққан. Ўша йиллари Хивада Ёдгор бўламончи ва Жуманазар бахшилар ном қозонган машҳур бахшилар яшаган. Отаси Қурбонназардаги иқтидорни пайқаб, уларга шогирдликка беради. Ёш Қурбонназар бу икки бахшидан дутор чалишни, бахши термаларини ўрганади.
Раҳматулла Юсуф ўғли (1917-1987). “Қўрғон” достончилик мактабининг таниқли вакили қиссахон-бахши Раҳматулло Юсуф ўғли 1917 йилда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Қоракиса қишлоғида туғилган. Ёшлигиданоқ халқ ижодиётига ихлоси жуда баланд бўлгани боис атоқли достончи Эргаш Жуманбулбул ўғлига шогирд тушиб, ундан достон куйлаш йўлларини ўрганган ҳамда эл орасида иқтидорли қиссахон-бахши сифатида танилган.
Ислом шоир Назар ўғли (1874-1953). Нарпай достончилик мактабининг йирик вакили ҳисобланган атоқли бахши Ислом шоир Назар ўғли 1874 йилда Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган. Унинг халқ достончилигига ихлоси жуда баланд бўлган.
Бекмурод Жўрабой ўғли (1878-1956). Нурота достончилик тарихида муносиб ўрин эгаллаган халқ бахшиси Бекмурод Жўрабой ўғли 1878 йилда ҳозирги Навоий вилоятининг Нурота туманидаги Қўтир қишлоғида туғилган. Ўзбекларнинг қарлуқ уруғига мансуб бўлган бахши достон айтишни ўзининг устози, Нурота туманининг Мозор қишлоғида яшаб ўтган Қурбон жировдан ўрганган. Ўтган асрнинг 30 йилларида вафот этган бу бахши ХIХ аср қорақалпоқ достончилигининг атоқли намоёндаларидан бири Чангқўт жировнинг шогирди бўлган.
Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан (1874-1941). Атоқли ўзбек халқ бахшиларидан бири Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан 1874 йилда Навоий вилоятининг Хатирчи тумани Қатағон қишлоғида туғилган. У Қўрғон достончилик мактабининг эпек анъаналарини давом эттириш ва ривожлантиришга катта ҳисса қўшган беназир сўз устаси ҳисобланади.
Мардонақул Авлиёқул ўғли (1890-1965). Мардонақул бахши 1890 йил Шеробод тумани Азон қишлоғида туғилган. Мардонақул бахши достон айтишдаги бадиҳагўйлик, қаҳрамонлар тасвири, воқеалар ривожи, қўшиқни дўмбира куйига мослаштириш ёки термалар айтишдаги инсон билан табиат ўртасидаги тафовутни уйғунлаштириш, одамларнинг феъл-атворини ўзига хос равишда баён этиш сингари омиларни ўрганган.
Қодир бахши Рахимов (1937-1986). Қодир бахши Рахимов 1937 йил 16 апрелда Деҳқонобод туманидаги Хўжамаҳмуд қишлоғида таваллуд топган. Қодир бахши ўз даврининг забардаст, оташнафас бахшиларидан бири бўлиб, Шеробод достончилик мактабининг давомчиларидан бўлган. У Умир бахши Сафар ўғли ҳамда Ражаб бахши Нормурод ўғлига шогирдликка тушиб, бахшичилик сирларини ўрганди.
Халқ эътироф этган бахшилар:
1.
Шоберди бахши Болтаев. Шоберди бахши Болтаев 1944 йил Сурхондарё вилояти Бойсун туманининг Мунчоқ қишлоғида таваллуд топган.
2.
Тоғаев Шомурод Тоғаевич (1932-2020). Тоғаев Шомурод Тоғаевич 1932-йил 2 мартда Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Торжилға Араббанди қишлоғида туғилган.
3.
Абдулла Қурбонназаров (Норбек бахши). Абдулла (Норбек бахши) Қурбонназаров 1949 йил 19 февралда Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида бахшилар оиласида туғилган. У санъаткорлик сирларини отаси Қурбанназар (Бола бахши) Абдуллаевдан яна Комилжон Отаниёзовдан ўрганган.
4.
Жумабай жиров Базаров (1927-2006). Жумабай жиров Базаров 1927 йил 22 октябрда Туркманистон Республикаси Куня-Урганч шаҳрида туғилган. 1960 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Шўманай туманида истиқомат қилган.
5.
Қаххор бахши Рахимов. Қаххор бахши Рахимов 1957 йилнинг 2 февралида Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги Хўжамаҳмуд қишлоғида бахшилар оиласида туғилган. Отаси Абди (Қодир) бахши Раҳимов ўз даврининг таниқли бахшиси бўлган.
6.
Рўзимбой (Қаландар) бахши Нарметов. Хоразм бахшичилик, достончилик мактабининг йирик намоёндаларидан бири бўлган Рўзимбой (Қаландар) бахши Нарметов 1951 йил 15 июнда Хоразм вилояти, Хива туманида таваллуд топган. У 1990 йил Тошкент давлат маданият институтида ўқиган.
7.
Абдиназар бахши Поянов (1954-2022). Абдиназар бахши Поянов 1954 йил 20 майда Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги Хомкон қишлоғида туғилган. У Шеробод достончилик мактабининг забардас вакилларидан бири. Абдиназар Поянов 1970-1975 йиллар Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтида ўқиган.
8.
Зиёдулла бахши Исломов (1947-2017). Зиёдулла бахши Исломов 1947 йилда Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги Оқтош шаҳрида машҳур шоир, элимизнинг суюкли фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Ислом шоир Назар ўғлининг хонадонида дўнёга келади.
9.
Бобораим бахши Маматмуродов (1936-2013). Бобораим бахши Маматмуродов 1936 йилда ҳозирги Узун туманининг Томчи қишлоғида таваллуд топган. Бахшичилик санъати Бобораим бахшига авлоддан мерос бўлиб унинг бобоси Нормурод бахши дўмбира куйларининг моҳир ижрочиси, отаси Маматмурод чертағон, амакилари Маматқул чопағон ва Абдураҳмон полвон бўлишган.
10.
Қора бахши Умиров (1934-2021). Қора бахши Умиров 1934 йил 15-июл куни Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги Етимқудуқ қишлоғида, бахши шоир оиласида дунёга келган.
11.
Абдимурод бахши Раҳимов. Абдимурод бахши Раҳимов 1967 йил 21 ноябрда Деҳқонобод туманидаги Хўжамаҳмуд қишлоғида туғилган. У терма ва достонларни маҳорат билан куйлаш сирларини илк бор отаси Қодир бахшидан, кейинчалик акаси Қаххор бахшидан батафсил ўрганди.
12.
Хушбоқ бахши Мардонақул ўғли. Хушбоқ бахши Мардонақул ўғли 1940 йил 25 декабрда Шеробод туманидаги Азон қишлоғида бахши-шоир Мардонақул Авлиёқул ўғли хонадонида дунёга келди.
13.
Махматмурот бахши Раджабов. Махматмурот бахши Раджабов 1971 йил 12 декабрда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Тўдачорбоғ қишлоғида туғилган.
14.
Очил бахши Чоршанбиев.Очил бахши Чоршанбиев 1969 йил 12 февралда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги Омонота қишлоғида чорвадорлар оиласида туғилган.
15.
Расул бахши Умиров.Расул бахши Умиров 1960 йил 5 декабрда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Етимқудуқ қишлоғида бахши-шоир оиласида таваллуд топган.
16.
Шодмон бахши Хўжамбердиев.Шодмон бахши Хўжамбердиев 1967 йил 6 февралда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида таваллуд топган.
17.
Чори бахши Умиров. Чори бахши Умиров 1938 йил 28 феврал кунида Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманига қарашли Етимқўдуқ қишлоғида бахши шоир оиласида дунёга келган.
18.
Бахшиқул бахши Тоғаев. Бахшиқул бахши Тоғаев 1960 йил 25 августда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган.
19.
Бойғучқор бахши Ахмедов. Бойғучқор бахши Ахмедов 1974 йил 6 мартда Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод туманида туғилган.
20.
Исмоил бахши Анваров.Исмоил бахши Анваров 1970 йил 3 март куни Сурхондарё вилояти, Бойсун туманида таваллуд топган. Исмоил бахши Анваров ёшлигидан бахшичилик санъатига меҳр қўйди.
Янгиликлар лентаси
0