TOШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси (ССП) раиси ўринбосари Дилшод Расулов маълум қилди, дея хабар берди палата матбуот хизмати.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида “Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) – Ўзбекистон: ҳамкорликнинг янги йўналиши” мавзусида бизнес-мулоқот бўлиб ўтди. Унда ЕОИИ ишбилармон доиралари вакиллари — Россия Саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи вице-президенти Сергей Красильников ҳамда ЕОИИ Ишбилармонлар кенгаши қўмитаси раиси Владимир Саламатов иштирок этди.
Палата раиси ўринбосари Дилшод Расуловнинг сўзларига кўра, глобал иқтисодий жараёнлар тубдан ўзгариб бораётган бир пайтда ЕОИИ мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга.
Тадбирда саноат кооперацияси, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, инновацияларни жорий этиш ва таълим соҳасидаги қўшма ташаббуслар борасида фикр билдирилди.
“Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2024 йилда рекорд даражадаги 17,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу республика умумий ташқи савдосининг чорак қисмидан кўпроғини ташкил этади”, — деди Сергей Красильников.
Тадбир доирасида Ўзбекистон "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси ҳузуридаги Миллий малака тизимини ривожлантириш институти ҳамда Россиянинг Миллий малакаларни ривожлантириш агентлиги ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
“Ушбу ҳужжат касбий малакаларни ўзаро тан олиш, таълим тизимларини уйғунлаштириш ва меҳнат бозорида касбий мобилликни ривожлантиришга йўналтирилган”, — дейилган хабарда.