TOШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Ўзбекистон Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида электрон сигареталар муомаласини тақиқловчи қонун қабул қилинди, дея хабар берди юқори палата матбуот хизмати.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Айтилишича, сўнгги йилларда электрон сигареталарни қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга олиб кириш ҳамда муомалага киритиш ҳоллари кўпаймоқда.
“Қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотларини, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталарни ва улар учун суюқликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек олиб кириш ва олиб чиқиш учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳужжат фақат айбдор шахсларни жазолашга қаратилмаган. Балки содир этган ноқонуний ҳаракатлари тўғрисида ўз ихтиёри билан ҳокимият органларига арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган шахсларни жавобгарликдан озод қилишни назарда тутади.
Сенаторларнинг айтишича, қонун аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишга, миллат генофондини сақлашга ҳамда атроф муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилади.