ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Бишкекда Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) энергетика ва инфратузилма вазири Арзибек Кожошев ва Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири Бакит Сидиков ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЕИК матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар давомида томонлар Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) да транспорт ва энергетика соҳасидаги интеграцияни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Евроосиё транспорт коридорларини ривожлантириш, рақамли технологияларни жорий этиш ва умумий энергия ресурслари бозорларини яратиш муҳимлиги қайд этилди.
“Узлуксиз жараёнлар ва узлуксиз ташишни таъминлаш, уларнинг хавфсизлигини ошириш, транспорт воситаларининг ишламай туриш вақтини қисқартириш ва бошқарув фаолиятини автоматлаштиришнинг объектив зарурати бозор иштирокчиларини интеллектуал транспорт тизимларини фаол жорий этишга ундайди”, — деди Арзибек Кожошев.