Энди ҳар ойнинг бир шанба-якшанбаси “оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни” бўлади

Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 апр – Sputnik. Ўзбекистонда энди ҳар ойнинг бир шанба-якшанбаси “оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни”, деб эълон қилинади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 9 апрель куни ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Видеоселекторное совещание под председательством Президента по туризму и инвестициям
Йиғилишда жойлардаги имкониятларни юзага чиқариб, туризм йўналишларини кўпайтириш, сайёҳларга шароитларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Мутасаддиларга 36 та туман ва шаҳарни этно, гастрономик, тиббий, экстремал, маданий-тарихий, зиёрат, қишки ва агротуризм асосида ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Соҳадаги салоҳиятли бозорлардан сайёҳларни жалб қилиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Айни пайтда Миллий туризм ягона платформаси ишлаб чиқилмоқда. Энди унга электрон виза бериш, чипта олиш жараёнлари ҳам уланади. Шунингдек, барча тарихий обидаларга кириш имконини берадиган “ягона туристик карта” жорий қилинади. Ёшлар ўртасидаги мусобақа ғолибларига Ўзбекистон бўйлаб саёҳат йўлланмаси совға қилинади.
Видеоселекторное совещание под председательством Президента по туризму и инвестициям
Шунингдек, маданий мерос объектларини ижарага беришни такомиллаштириш, уларга тушумларни рақамлаштириш вазифалари кўрсатиб ўтилди.
Таъкидланишича, туризм бўйича олий таълим муддати 4 йилдан 3 йилга камайтирилиб, дуал тизимга ўтказилди. Энди бунинг давоми сифатида, талабаларни амалиёт ва ишлаш учун хорижга юбориш яхши самара беради. Умуман, бундай имкониятлар эвазига бу йил 15 миллион туристни жалб қилиш ва экспортни 4 миллиард долларга етказиш мумкинлиги қайд этилди.
Видеоселекторное совещание под председательством Президента по туризму и инвестициям
Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала – хорижий давлатлар билан ҳамкорликдаги инвестициявий лойиҳалар таҳлили бўлди.
Ўзбекистонда 2025 йилда 42 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш кўзда тутилган. 81 та йирик, 8 мингдан ортиқ ўрта ва кичик лойиҳа амалга оширилиши, донор ташкилотлардан 2 миллиард доллар грант ҳамда банклар томонидан 6 миллиард доллар жалб қилиниши белгиланган. Йиғилишда бу борадаги имкониятлар ҳудудлар ва ҳамкор мамлакатлар кесимида таҳлил қилинди.
Йиғилишда бундан кейин тайёр лойиҳага ўзгартириш киритиш фақат Ҳукумат доирасида кўриб чиқилиши, қўшимча ишлар лойиҳа тугагач, тежалган маблағ ҳисобидан бўлиши таъкидлаб ўтилди.
Қайд этилишича, ҳозирда халқаро молия ташкилотлари билан энергетика, транспорт, аграр, коммунал ва ижтимоий соҳаларда 20 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Чет эллик шериклар мамлакатдаги ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда.
Видеоселекторное совещание под председательством Президента по туризму и инвестициям
Жумладан, ўтган ойларда Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Франция ривожланиш агентлиги, Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги вакиллари Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах, Сурхондарё ва Сирдарёга бориб, 200 га яқин тадбиркор билан ишлади. Қисқа вақт ичида 1,5 миллиард долларлик лойиҳаларни молиялаштиришга келишилди.
Бош вазир ўринбосарига бу амалиётни тизимга айлантириб, бошқа ҳудудларда ҳам яна камида 3 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантириш вазифаси қўйилди. Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазирлар, ҳокимлар, хорижий давлатлардаги элчилар ва соҳадаги тадбиркорларнинг таклифлари эшитилди.
Россия телеканали Бухоро ҳақида махсус кўрсатув тайёрламоқда