ТОШКЕНТ, 9 апр – Sputnik. Россиянинг "Первый канал" телеканалининг оммабоп "Бошқалар ҳаёти" ("Жизнь других") кўрсатувининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони суратга олинмоқда, деб хабар қилди "Дунё"АА.
Ўзбекистон элчихонаси ва Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда кўрсатувни суратга олиш гуруҳининг Ўзбекистонга ижодий сафари ташкил этилди. 2-7 апрель кунлари бошловчи Жанна Бадоева бошчилигидаги ижодий гуруҳ Бухоро вилоятининг диққатга сазовор жойларида бўлди.
Бухоронинг сайёҳлик салоҳияти ва ҳудуд аҳолиси ҳаёти ҳақидаги махсус фильм "Биринчи канал"да намойиш этилади.
2024 йилда "Бошқалар ҳаёти" кўрсатувининг Самарқандга, 2023 йил апрель ойида эса "Биринчи канал"да Тошкентга бағишланган икки қисмли фильм намойиш этилган эди. Ушбу дастурлар россиялик томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Мазкур телелойиҳа 2019 йилдан бери эфирга узатилиб келинмоқда. Кўрсатувни бугунги кунда бутун дунё бўйлаб 250 миллиондан ортиқ киши томоша қилади.
"Бошқалар ҳаёти" дунёнинг турли мамлакатларининг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиб келмоқда. Шунингдек, одамларнинг қандай яшаши, авлодлари, қаерда ўқиши, қандай касбларни танлаши, қандай оила қуриши ва дам олиши, ўз туғилган шаҳарларида нимани ёқтириши каби мавзуларни ёритиб боради.