Рамазон доим 30 кун бўлади деб ҳукм чиқариш тўғри эмас — Мусулмонлар идораси

Мусулмонлар идораси: Рамазон ойи неча кун бўлса, шунча кун рўза тутилади ва ўша мукаммал рўза ҳисобланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Ҳеч ким ўзича Рамазон доим ўттиз кун бўлади деб ҳукм чиқариши асло тўғри эмасдир. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати маълум қилди.
Рамазон тақвими 2025 — саҳарлик ва ифторлик вақтлари
Қайд этилишича, милодий сана ойлари 28 ёки 29 ҳамда 30 ё 31 кунлик бўлгани каби ҳижрий ойлар, жумладан, Рамазон ойи ҳам гоҳида 29, гоҳида 30 кунлик бўлиши мумкин.
Ҳижрий ойнинг милодий ойдан фарқи шуки, масалан, март ойи доимий равишда 31 кунлик бўлса, ҳижрий ойлар янги Ойнинг янгиланиши билан боғлиқ бўлгани учун қайси ой неча кунлик бўлиши ойнинг кўринишига қараб аниқланади.
Айтилишича, кўп ислом мамлакатларида амал қилинадиган ҳижрий-қамарий тақвим ойнинг фалакдаги ҳаракатига асосланади. Янги ой кўрингандан кейинги кун янги ойнинг биринчи куни ҳисобланади. Ҳижрий-қамарий ойлар 29 ёки 30 кун бўлади. Шу сабабли ҳижрий-қамарий йил 354-355 кун бўлиб, милодий йилдан 10-11 кун кам бўлади.

“Рамазон ойи неча кун бўлса, шунча кун рўза тутилади ва ўша мукаммал рўза ҳисобланади. Шунга кўра, ҳеч ким ўзича Рамазон доим ўттиз кун бўлади деб ҳукм чиқариши асло тўғри эмасдир. Бундай дейиш саҳиҳ ҳадислар ва уламолар ижмоси (иттифоқи)га зиддир. Рамазон ойи 29 кунлик бўлиб келган тақдирда ҳам биз оят ва ҳадисларга мувофиқ бир ой мукаммал рўза тутган бўламиз...”, — дейилади хабарда.

Рўза тутишга оид энг кўп учрайдиган саволлар
2025 йил учун закот, фитр ва фидя миқдорлари эълон қилинди
Ўзбекистонда Рамазон ҳайити 30 март куни нишонланади