ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Россиялик шифокорлар Ўзбекистонда туғма сколиоз хасталигидан азият чекаётган болаларда жарроҳлик амалиётини амалга оширмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, туғма сколиоз умуртқа поғонасининг ён томонга қийшайиши билан боғлиқ хасталик бўлиб, у ўз вақтида муолажа қилинмаса, кўплаб оғир асоратларга олиб келиши мумкин.
Ушбу масалада Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази россиялик мутахассислар билан ҳамкорлик бошлади.
“Айни чоғда муассасада академик Ю.Е.Вельтищев номидаги Москва педиатрия ва болалар жарроҳлиги илмий-тадқиқот институти мутахассислари ҳамкорлигида 10 га яқин юқори технологик туғма сколиоз ва умуртқа поғонаси оғир турдаги деформациясини коррекция ва стабилизация қилиш режаланган бўлиб, бу борадаги ишлар бошлаб юборилди”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида Россиянинг Я.Л.Цивьян номидаги Новосибирск травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази нейроортопедия бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Алексей Пелеганчук билан мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилган эди. Унда Бухоро вилояти Ғиждувон туманидан келган 60 ёшли беморда умуртқа поғонасида реконструктив операция муваффақиятли бажарилган.