Тадбиркор аёллар кенгаши ташкил этилди — янги қарор

Кенгашга аёл тадбиркорларнинг муаммоларини тўғридан-тўғри парламентга етказиш ҳуқуқи берилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Ўзбекистонда Тадбиркор аёллар кенгаши ташкил этилди, дея хабар берди Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 14 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тадбиркор аёллар кенгаши ташкил этилди.
Ушбу ташаббус аёл тадбиркорларнинг бизнесда фаол иштирок этишига кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳуқуқий, молиявий ва амалий ёрдам бериш мақсадида амалга оширилмоқда.
“Кенгаш аёл тадбиркорларнинг муаммоларини тўғридан-тўғри парламентга етказиш ваколатига эга бўлиб, уларнинг бизнес ташаббусларини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади”, — дейилади хабарда.
Кенгаш таркибида 27 та аъзо бор, улардан 21 нафари тадбиркор аёллар.
Улар томонидан қуйидагилар амалга оширилган:
2 639 та янги иш ўрни яратилган;
$7,6 млнлик экспорт амалга оширилган;
402,8 млрд сўмлик товар айланмаси амалга оширилган.
Айтилишича, кенгашнинг ташкил этилиши мамлакатдаги аёл тадбиркорлар учун катта имконият яратади.
Шу йилнинг 1 июлигача қуйидаги имкониятларни тақдим этувчи “Тадбиркор аёллар” платформаси ишга туширилади:
️аёл тадбиркорларга хомашё сотиб олишга кўмаклашиш;
️ўзаро кооперацияни кенгайтириш ва маҳсулотларни сотиш учун бозор топиш;
️зарур мутахассисларни излаш ва ишга қабул қилиш;
️лойиҳалар доирасида юзага келаётган муаммоларини аниқлаш ва уларга ечим топиш.
Шунингдек, тадбиркор аёлларга гаровсиз кредит берилади.
2025 йилда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари:
2 миллион нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш;
️250 минг нафар хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш;
️250 минг нафар хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олиш;
️50 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларни санаторийларда соғломлаштириш ҳамда уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича мотивацион семинарлар ташкил этиш.
Қарорга кўра, хотин-қизларга “яшил лойиҳалар” ва IT соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, камида 5 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмаклашган 1 минг нафар “устоз” тадбиркорларга 50 миллион сўмгача грант ажратиш йўлга қўйилади.
Ижобий кредит тарихига эга бўлган хотин-қизларга эса 100 млн сўмгача гаровсиз кредит берилади.
Айрим тадбиркор ва юридик шахслар давлат божини тўлашдан озод этилади