Айрим тадбиркор ва юридик шахслар давлат божини тўлашдан озод этилади

© Depositphotos / VadymvdrobotРабочее место
Рабочее место - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.01.2025
Oбуна бўлиш
“Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилди.
TOШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Ўзбекистонда айрим тадбиркор ва юридик шахслар давлат божини тўлашдан озод этилади. Бу ҳақда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчалар ва ўзгартиришларда назарда тутилган.
“Давлат божи тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, тадбиркор ва юридик шахслар қуйидаги ҳолат учун давлат божини тўлашдан озод этилади:
маъмурий-ҳудудий бирликлар тузилганлиги ёки тугатилганлиги, уларнинг чегаралари ёки бўйсунуви ўзгартирилганлиги натижасида тадбиркорлик субъектларининг ва бошқа юридик шахсларнинг жойлашган ери (почта манзили) ўзгарганда улар қайта давлат рўйхатидан ўтказганлик учун.
Шунингдек, суғурта қилдирувчилар мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Бунда суғурта қилдирувчилар (суғурталанган шахслар, наф олувчилар, жабрланувчилар) мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича судларда ва Иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод этилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Маълумот учун, давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир.
Давлат божи турлари жумласига қуйидагилар ҳам киради: Ўзбекистон консуллик муассасалари томонидан консуллик ҳаракатларини амалга оширганлик учун тўланадиган консуллик йиғими, ихтироларга, фойдали моделларга, саноат намуналарига, селекция ютуқларига, товар белгиларига, хизмат кўрсатиш белгиларига, географик кўрсаткичларга, товар келиб чиққан жой номларига, интеграл микросхемалар топологияларига ҳуқуқий муҳофаза бериш билан боғлиқ юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик учун тўланадиган патент божи.
Ваколатли муассасаларга ва (ёки) мансабдор шахсларга мурожаат қилаётган ва ўзига нисбатан юридик аҳамиятга молик ҳаракат ва (ёки) ҳужжатлар бериш амалга ошириладиган юридик ва жисмоний шахслар давлат божини тўловчилардир.
Янгиликлар лентаси
0