Ўзбекистон Россия билан ҳамкорликда мураккаб жарроҳлик амалиётини амалга оширди

Бухоролик 60 ёшли беморда умуртқа поғонасида реконструктив операция муваффақиятли бажарилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 март — Sputnik. Ўзбекистон ва россиялик мутахассислар мураккаб жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширишди, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида навбатдаги мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
“Ушбу операция Россиянинг Я.Л.Цивьян номидаги Новосибирск травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази нейроортопедия бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Алексей Пелеганчук билан биргаликда бажарилди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Бухоро вилояти Ғиждувон туманидан келган 60 ёшли беморда умуртқа поғонасида реконструктив операция муваффақиятли бажарилди. Уч йил давомида у оёқ ва бел қисмидаги оғриқлардан шикоят қилган, оғриқлар охирги 6 ой ичида кучайган.
Текширув шуни кўрсатдики, умуртқа поғонасининг беқарорлиги туфайли бу соҳадаги нерв илдизлари сиқилган. Операцияга транспедикуляр фиксаторни олиб ташлаш, асаб элементларини декомпрессия қилиш, қафас ва транспедикуляр винтлар ёрдамида умуртқаларни маҳкамлаш киради.
Ўтган йили мазкур марказда 11 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиёти бажарилган бўлиб, уларнинг 62 фоизи юқори технологияли бўлган, 30 га яқин аралашув ноёб жарроҳлик операцияларидир.
Энди Травматология ва ортопедия марказида робот жарроҳлиги йўлга қўйилади