TOШКЕНТ, 3 март — Sputnik. Ўзбекистон ва Венгрия Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Венгрия Ички ишлар вазирлигининг Европа Иттифоқи ва ташқи алоқалар бўйича давлат котиби ўринбосари Матьяш Хедьяла билан учрашув ўтказди.
Музокараларда Ўзбекистон ва Венгрия ички ишлар вазирликлари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Кўриб чиқилган масалалар:
жиноятчиликка қарши курашиш;
жамоат хавфсизлиги, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ўзаро тажриба алмашиш;
миграция соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш;
ташқи меҳнат миграцияси соҳасида икки томонлама ҳамкорликни тартибга солувчи қонунчилик базасини ривожлантириш.
“Икки давлат ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган "Ҳаракатлар режаси"ни биргаликда ишлаб чиқиш ва имзолашдан манфаатдорлик билдирилди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, томонлар ҳамкорликни фаоллаштиришдан ўзаро манфаатдор. Айтилишича, қўшма ташаббуслар икки мамлакат ўртасидаги хавфсизлик ва миграция соҳасидаги стратегик муносабатларни ривожлантиришга ҳисса қўшади.