ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида мамлакат ривожланишининг устувор ёндашувлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш;
аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш;
табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш;
ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш ва кейинги авлодга етказиш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлаш;
“яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий қилиш, иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштиришга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш;
республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида йирик “яшил энергия” станцияларини барпо этиш, ҳудудларда кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғини кенгайтириш, аҳоли хонадонларида қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш.
Фармонга мувофиқ, 2025 йилда маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш борасида қуйидагилар таъминланади:
аҳоли учун барпо этилаётган пиёдалар ва алоҳида велосипед йўлаклари бўйида дарахтлар ва ўсимликларни экиш орқали “Сояли сайр кўчалари” тармоғи яратилиши, соҳил ва дарё бўйларида 80 та инфратузилма объекти ва 110 километрдан ортиқ соғломлаштириш йўлаклари қурилиши;
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида 200 миллион туп дарахт ҳамда буталар экилиши, “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”да қуёш панеллари ёрдамида қувватланувчи ёритгичлардан фойдаланилиши;
Орол денгизи тубида 100 минг гектар “яшил майдон” барпо этилиши ва Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорлар 2,1 миллион гектарга етказилиши;
Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларининг танланган ҳудудларида шўр ва сувсизликка чидамли ўсимликлар (галофит) боғлари ташкил этилиши;
Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятларида давлат “ин-витро” лабораториялари ташкил этилиши;
жамоатчилик, экофаоллар ва бизнес вакилларининг табиатни муҳофаза қилиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш акселерация тизими жорий этилиши.
Фармонга кўра, 2025 йилда аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш борасида қуйидагилар амалга оширилади:
“Экофаол фуқаро” ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади.
2025/2026 ўқув йилидан:
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши каби таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича етакчи олий таълим ташкилоти этиб белгиланади;
республиканинг ҳар бир туманида (шаҳрида) босқичма-босқич инклюзив таълим талабларига жавоб берадиган камида биттадан умумтаълим мактаби фаолияти ташкил этилади;
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 3,5 минг камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, олий таълим ташкилотларига белгиланган тартибда грант асосида қабул қилиш ишлари ташкил этилади;
2025 йил 1 мартгача тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг инсон саломатлигига фойдасини тарғиб қилишни кучайтириш дастури ишлаб чиқилади;
2025 йил 1 августгача озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш, бошқариш ва мониторинг қилиш мақсадида идоралараро яхлит Миллий ахборот платформаси ишлаб чиқилади.