ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Малайзия бош вазири Анвар Иброҳимнинг таклифига биноан 4-5 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ташриф доирасида қуйидаги тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган:
Куала-Лумпурда бош вазир Анвар Иброҳим билан икки томонлама музокаралар
Малайзиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар
қўшма бизнес форуми ва бошқа тадбирларда.
“Бўлажак олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Малайзия дўстлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда амалий ҳамкорликни, шу жумладан, савдо, инвестициялар, инновациялар, технологик кооперация, нефть-кимё, электроника, "яшил" энергетика, "ақлли" қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа кўплаб устувор йўналишларда кенгайтириш масалалари ўрин олган. Маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, етакчилар халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини ҳам кўриб чиқишади.
“Саммит якунида икки давлат ўртасидаги кенг кўламли шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган Қўшма баёнот ва салмоқли битимлар тўплами қабул қилиниши режалаштирилган”, — дея қайд этилган хабарда.
Айтилишича, ташриф арафасида Малайзияда бир қатор муҳим тадбирлар ўтказилмоқда.
Яқин кунларда ўтказиладиган тадбирлар:
Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданий мероси тақдимотлари
икки мамлакат етакчи олий таълим муассасалари ректорлари форуми ва бошқа тадбирлар.
Аввалроқ етакчи таҳлил марказлари ва тадқиқот тузилмаларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойида Ўзбекистон-Малайзия саммити бўлиб ўтган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказган. Унда Ўзбекистон президенти ва Малайзия бош вазири Кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзолашган.