TOШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Беларусдаги президентлик сайловларида Александр Лукашенко етакчилик қилмоқда. Бу ҳақдаги мамлакат Марказий сайлов комиссиясининг Telegram-каналида маълум қилинди.
“Вилоятлар ва Минск шаҳар комиссияларининг дастлабки маълумотларига кўра, Александр Лукашенко 86,82 фоиз тўплади”, — дейилади хабарда.
Президентлик сайловида якуний иштирок 85,70 фоизни ташкил қилган. Муддатидан олдин овоз бериш 21-25 январь кунлари бўлиб ўтди, унда сайловчиларнинг 41,81 фоизи иштирок этди.
Номзодлар натижалари:
амалдаги президент Александр Лукашенко — 86,82 фоиз;
Коммунистик партия Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Сергей Сиранков — 3,21 фоиз;
Либерал-демократик партия раҳбари Олег Гайдукевич — 3,2 фоиз;
аввалги сайловларда собиқ номзод, тадбиркор, партиясиз Анна Канопацкая — 1,86 фоиз;
Меҳнат ва адолат республика партияси етакчиси Александр Хижняк — 1,74 фоиз.
Маълум қилинишича, 5 минг 325 сайлов участкаси, жумладан, шифохоналар, санаторийлар, дам олиш уйлари ва бошқа вақтинчалик яшаш жойларида 207 та, ҳарбий қисмларда 12 та сайлов участкаси фаолият юритди. Беларусдаги сайловларни 52 та давлатдан 486 нафар халқаро кузатувчи ва 44361 нафар миллий кузатувчи кузатди. Шунингдек, мамлакатда 23 та давлатдан 331 нафар хорижлик журналист ишлаган.
МДҲ ПА халқаро кузатувчилари Беларусдаги президентлик сайловларини кузатишда 321 та сайлов участкасига ташриф буюрди.