Тошкентдаги мактаблардан бирида сил касаллиги аниқланди

Бемор Тошкент шаҳар болалар сил касалликлари шифохонасига ётқизилган. У билан алоқада бўлган барча шахслар профилактик текширувдан ўтказилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 59-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси М.С. 2024 йилнинг 26 декабрида Тошкент шаҳар 3-сон фтизиатрия диспансерига мурожаат қилган. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилмоқда.
Беморнинг опаси М.Д.нинг сўзларига кўра, синглиси М.С. сўнгги ойларда тез-тез бетоб бўлган. Даволаниш учун фақат хусусий клиникага мурожаат қилган. Охирги марта ЛОР-шифокор кўригидан кейин 3-сон фтизиатрия диспансерига юборилган.
Диспансерда ўтказилган рентгенография текшируви натижасида унга “Ўнг ўпка юқори бўлаги яллиғланган сили, емирилиш даври, BK +” ташхиси қўйилган ва бемор дарҳол Тошкент шаҳар болалар сил касалликлари шифохонасига ётқизилган.
М.С. билан уйда мулоқотда бўлган 6 киши (2 нафари 6 ёшгача болалар) 2024 йил 27 декабрда 3-сон фтизиатрия диспансерида рентген текширувидан ўтказилган ва уларда фаол сил касаллиги аниқланмаган.
Шунингдек, М.С. билан мулоқотда бўлган 59-сонли мактаб ва бемор қўшимча дарсга қатнаган хусусий ўқув мактаби ўқувчилари ва ўқитувчилари 3-сон фтизиатрия диспансерида рентгенография ва диаскин тест текширувларидан ўтказилган.
Текширувлар давомида 1 нафар ўқувчи (2008 йилда туғилган А.А., бемор М.С.нинг яқин дугонаси)да “Ўнг ўпка юқори бўлаги ўчоқли сили” BK abs аниқланиб, у шифохонага ётқизилган.
Шунингдек, 3 нафар ўқувчи — А.А., Р.М. ва Э.Д. ва 1 нафар ўқитувчи Б.У.ларда касалликка мойиллик аниқлангани сабабли профилактик даво муолажалари бошланган.
Ушбу ҳолат ва аниқланган камчиликларлар юзасидан Санитария эпидемиологик қўмитаси томонидан 59-сонли умумтаълим мактаби директорига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирган.
Дунёда сил билан касалланиш кескин ошди — ЖССТ