ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Ўзбекистон 2027 йилда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатидаги маҳсулотлар экспортини 7,0 миллиард долларга етказади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, 2025–2027 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қайта ишлаш занжирини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди.
Маҳсулотлар экспортини қуйидаги кўрсатгичларга етказиш назарда тутилган:
2025 йилда 4,0 миллиард долларга;
2026 йилда 5,0 миллиард долларга;
2027 йилда 7,0 миллиард долларга.
Шунингдек, АҚШ ва Европа давлатлари бозорларига тайёр маҳсулотлар экспортини 500 миллион долларга етказиш белгиланган.
Ҳужжатда қуйидагилар назарда тутилган:
илғор технологиялар ва замонавий дизайнерлик ишланмаларини кенг жорий қилиш ҳамда халқаро брендларни жалб қилиш орқали жами экспортда тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари улушини 70 фоизга етказиш;
ип-калавани чуқур қайта ишлашни янада ривожлантириш мақсадида 5,0 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб қилиш.
Шунингдек, тўқимачилик тармоғида қайта ишлашни чуқурлаштириш учун қулай молиявий шарт-шароитлар яратиш мақсадида белгиланган қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилади.
“Маҳаллий маҳсулот ва брендларни халқаро “маркетплейс”ларда тарғиб қилиш, жойлаштириш ва реклама қилиш бўйича “Made in Uzbekistan” дастури амалга оширилади”, — дейилади ҳужжат матнида.
Қолаверса, “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ ҳузурида факторинг ташкилоти ташкил этилади.