TOШКЕНТ, 8 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпинга таъзия йўллади, деб ёзмоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Telegram-каналида.
“Хитой жануби-ғарбидаги Шигацзе шаҳри Динжи уездида кучли зилзила оқибатида кўплаб одамлар ҳаётдан кўз юмгани ва жароҳат олгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга таъзия йўллади. Давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жабрланганлар тез орада шифо топишини тилади”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, 6,8 магнитудали зилзила 7 январь куни маҳаллий вақт билан соат 9:05 содир бўлди. Зилзила ўчоғидан 20 километр радиусда учта шаҳар ва 27 қишлоқ жойлашган бўлиб, уларда 6,9 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Хитой раҳбари қидирув-қутқарув ишларини олиб бориш ва қурбонлар сонини камайтириш учун барча имкониятларни ишга солишни буюрди. Зилзила қурбонлари сони 126 кишига етди.